Сурхондарёда банк ходимига нисбатан жиноят иши очилди
У 17 млрд сўм кредит ажратилиши юзасидан мурожаат қилган фуқародан пул сўраган.

Банк ходимига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
“Бизнесни ривожлантириш банки” акциядорлик тижорат банки Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси ходими ушланди.
Ходим Шўрчи туманида яшовчи фуқаро номига кредит ажратилиши масаласи юзасидан ноқонуний равишда 2000 АҚШ доллари ва 1.300.000 сўм олган вақтида ДХХнинг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда ИЖҚК Департаменти ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
Банк мутахассиси фуқаро томонидан 17 млрд сўм кредит маблағи ажратилиши юзасидан мурожаат қилганида, кредит олиш учун гаров мулки сифатида қўйилиши керак бўлган бино “Электрон баҳолаш” тизимининг хулосасига кўра етарли қийматга эга эмаслигини таъкидлаб, ушбу масалани ҳал қилиш учун фирибгарлик йўли билан пул талаб қилган.
Ҳозирда мазкур банк ходимига нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Фарғонада ҳоким ўринбосари 8 минг доллар билан ушланганди.