Ғазода ҲАМАСга қарши бўлган ҳарбий қўмондон ўлдирилди
Исроил томонидан қўллаб-қувватланган Абу Шабаб "Халқ кучлари" деб номланувчи ҳарбий гуруҳнинг раҳбари эди.

Ғазода Исроилга яқин бўлган ҳарбий қўшинлари қўмондони Ёсир Абу Шабаб ўлдирилди.
Ғазода Исроил томонидан қўллаб-қувватланадиган қуролли гуруҳ раҳбарининг ўлдирилиши, Исроилнинг ҲАМАСга қарши курашиш учун ўзига содиқ кучларни шакллантиришга қаратилган ҳаракатларига жиддий зарба бўлди.
Маҳаллий ОАВ ва Ғазо манбаларига кўра, Бедуин ҳарбий гуруҳи етакчиси Абу Шабаб кучли қуролланган маҳаллий оилалар билан рўй берган тўқнашувда олган жароҳатларидан сўнг вафот этган.
Абу Шабаб “Халқ кучлари” деб номланувчи ҳарбий гуруҳнинг қўмондони эди. Бу гуруҳ икки йиллик можаронинг сўнгги босқичларида пайдо бўлган бир нечта ҳарбий гуруҳлар орасида энг йирик ва энг яхши қуроллангани эди. Улар ҲАМАСни заифлаштириш ва ғазоликларнинг устидан назорат ўрнатиш мақсадида Исроил томонидан қуроллантирилгани айтилади.
Абу Шабабнинг айнан қачон ҳалок бўлгани аниқ эмас, аммо ҳодиса сўнгги 48 соат ичида содир бўлгани тахмин қилинмоқда.
Маълумотларга кўра, у Ғазодаги маҳаллий оилалар ўртасидаги жанжалга аралашган пайтда ўқ егани айтилди ва ҲАМАС унинг ўлимига алоқадор деган хабарлар “нотўғри” деб эълон қилинди.
Июн ойида Бенямин Нетаняху Исроил Ғазода ҲАМАСга қарши айрим ҳарбий гуруҳларни қуроллантирганини маълум қилган эди. Абу Шабабнинг ўлими юзасидан Исроил ҳукумати ҳозирча расмий изоҳ бергани йўқ.
Исроилнинг ушбу сиёсати баъзи экспертлар томонидан танқид қилинди. Уларнинг айтишича, бундай гуруҳлар 2007 йилдан бери Ғазони бошқариб келаётган ҲАМАСГА ҳеч қанақасига қарши чиқа олмайди.
Тел-Авив университети қошидаги Моше Даян марказида ҲАМАС бўйича мутахассис бўлган, Исроил ҳарбий разведкасининг собиқ ходими доктор Майкл Милштейн шундай деди:
“Бу олдиндан маълум эди. Уни ҲАМАС ўлдирганми ёки гуруҳ ичидаги жанжалда ҳалок бўлганми – барибир охири шундай бўлиши аён эди”.
Исроил назорати остидаги Ғазо ҳудудларида ҲАМАСГА қарши бир нечта бошқа гуруҳлар ҳам ташкил қилинган. Фаластинлик сиёсий таҳлилчи доктор Реҳам Оуданинг айтишича, Абу Шабабнинг ўлими ушбу ҳарбий гуруҳлар орасида ҲАМАСГА қарши туриш анча мушкуллигини англатади.
Абу Шабабга бўйсунувчи қарийб юз нафар жангчи октябр ойида АҚШ воситачилигида тузилган ҲАМАС ва Исроил ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш келишувидан кейин ҳам Исроил кучлари назоратидаги ҳудудларда уруш ҳаракатларини давом эттирган.
Ғазодаги можаро 2023 йилда ҲАМАСнинг Исроилга қилган ҳужуми билан бошланган. Бу ҳужумда 1 200 киши, асосан тинч фуқаролар ҳалок бўлган, 250 киши эса асирга олинган. Шундан сўнг бошланган Исроилнинг ҳужумлари ва сулҳдан кейинги зарбалари 70 мингдан ортиқ фаластинлик тинч аҳоли ҳаётига зомин бўлган ва ҳудудни деярли вайронага айлантирган.