Президентнинг Сирдарё вилоятига ташрифи бошланди
Шавкат Мирзиёев “Сирдарё” эркин иқтисодий зонасида фаолият юритаётган “Invest Asia” корхонасида бўлди. Бу корхона қадоқлаш маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича Марказий Осиёда етакчилардан ҳисобланади.

Президент Шавкат Мирзиёев 4 декабр куни Сирдарё вилоятига ташриф буюрди. Сафарнинг биринчи манзили Сирдарё туманидаги “River Med Pharm” корхонаси бўлди.
Мазкур корхона мамлакатимизда инфузион дори воситаларини ишлаб чиқариш бўйича етакчилардан бири ҳисобланади. Бугунги кунда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган инфузион эритмаларнинг 20 фоизи айнан ушбу корхонага тўғри келади.
Бундай дори воситалари бемор ҳаёти учун энг муҳим тиббий маҳсулотлардан бири саналади. Уларни тайёрлаш оддий таблеткалар ишлаб чиқаришдан анча мураккаб. Чунки бу турдаги эритмалар тўғридан-тўғри қон томирларига юборилади. Демак, улар мутлақ стерил шароитда, юқори аниқлик ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берган ҳолда ишлаб чиқарилиши шарт.
Лойиҳанинг умумий қиймати 30 миллион доллардан ортиқ бўлиб, ҳозирги кунда корхонада 750 нафар одам доимий иш билан таъминланган. Корхона йилига 135 миллиард сўмлик қийматда 70 турдаги, умумий ҳисобда 114 миллион дона дори воситаларини ишлаб чиқармоқда. Маҳсулотларнинг 20 фоизи экспорт қилинаётгани корхонанинг халқаро рақобатбардошлигини кўрсатади.
Ноябрь ойида лойиҳанинг иккинчи босқичи ишга туширилиб, ишлаб чиқариш қувватлари янада кенгайтирилди. Корхона 30 миллион дона инфузион эритмалар, 70 миллион донадан ортиқ қуруқ антибиотиклар ва қарийб 20 миллион дона кўз-бурун томчиларини ишлаб чиқаради.
Давлатимиз раҳбарига корхона маҳсулотлари ва навбатдаги режалари ҳақида маълумот берилди.
Келгусида корхонада ишлаб чиқариладиган маҳсулот турлари 200 хилга етказилади. Бу босқичда шиша ва пластик идишлардаги инъекция учун эритмалар, шунингдек, таблетка ҳамда капсулалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Иш ўринларининг сони мингтагача оширилади.
Президентимиз шу ерда вилоят фаоллари ва нуронийлар билан мулоқот қилди.

Иқтисодиёт, саноат, қишлоқ хўжалиги, ёшлар тарбияси ва ҳудуднинг келажагига оид муҳим масалалар юзасидан очиқ суҳбат бўлди. Давлатимиз раҳбари одамлардаги ташаббускорлик ислоҳотлар самарасини оширишда ҳал қилувчи омил эканини таъкидлади.
– Ўзгаришлар, аввало, маҳаллаларда сезилиши керак. Сизлар одамлар билан доимий мулоқотда бўлиб, ёшларга тўғри йўл кўрсатишингиз зарур. Ҳаммамиз уйғоқ ва фаол бўлсак, ҳаракатларимиз, олиб бораётган ислоҳотларимиз албатта натижа беради. Сирдарёга катта режалар билан келганмиз. Сизларни эшитиб, бамаслаҳат бу режаларни амалга оширамиз, – деди Президент.
Президент Шавкат Мирзиёев “Сирдарё” эркин иқтисодий зонасида фаолият юритаётган “Invest Asia” корхонасида бўлди.
Корхона қадоқлаш маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича Марказий Осиёда етакчилардан бири ҳисобланади. Ҳозирда ички бозордаги полипропилен қоп ва юмшоқ контейнерларнинг 60 фоизи, стретч плёнкаларнинг 40 фоизи айнан шу корхона ҳиссасига тўғри келмоқда.
Мажмуа 60 гектар майдонда барпо этилган бўлиб, ҳозирги пайтда 2,5 мингга яқин иш ўрни яратилган.

Қадоқлаш маҳсулотлари озиқ-овқатдан тортиб, фармацевтика, саноат, қурилиш ва маиший кимёгача бўлган кўплаб соҳалар учун зарур. Уларнинг сифати маҳсулотнинг хавфсиз сақланиши, транспортировкаси ва бозорга ўз вақтида етказилишига бевосита таъсир қилади. Шунинг учун ҳам бундай маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқариш импорт харажатларини камайтиради, ички бозор барқарорлигини таъминлайди ва ишлаб чиқарувчилар учун харажатларни сезиларли қисқартиради.
“Invest Asia” корхонасининг яна бир муҳим жиҳати унинг мамлакатда биоаксал йўналтирилган полипропилен плёнка ишлаб чиқарадиган ягона корхона эканидир. Бу плёнка тури энг оммабоп қадоқлаш материалларидан бири бўлиб, қаттиқ ва енгиллиги билан ажралиб туради.
Жорий йилнинг ўн ойида корхонада 1,9 триллион сўмлик маҳсулот тайёрланган, 23 миллион долларлик экспорт амалга оширилган. Австрия, Германия, Италия, Хитой ва АҚШ каби давлатларда ишлаб чиқарилган юқори технологияли ускуналардан фойдаланилмоқда.
Президентимиз корхонада амалга оширилаётган технологик жараёнларни кўздан кечирди, ишчилар билан мулоқот қилди. Келгуси режалар билан танишди.
Шунингдек, йил якунига қадар бу ерда Марказий Осиёдаги энг йирик спанбонд ва мельтблаун – нотўқима мато ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилиши кутилмоқда. Бундай матолар тиббиёт, қурилиш, маиший кимё ва қишлоқ хўжалигида кенг қўлланилади.
Барча лойиҳалар тўлиқ қувватга чиққач, иш ўринларининг сони 10 мингтага етиши, полимерни қайта ишлаш қуввати 280 минг тоннагача ошиши кутилмоқда.
Давлатимиз раҳбари шу ерда вилоятда йирик лойиҳаларни амалга ошираётган ва янги ташаббуслар билан чиқаётган хорижий инвесторлар билан ҳам мулоқот ўтказди. Ҳудуд иқтисодиёти, аҳоли бандлиги ва турмуш даражасини оширишга хизмат қиладиган ҳар бир лойиҳа давлат томонидан, албатта, қўллаб-қувватланиши таъкидланди.
Инвесторлар мамлакатимиздаги тадбиркорлик ва инвестиция муҳитини юқори баҳолаб, бизнес учун яратилган кенг имкониятлар ҳамда амалий кўмак учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирдилар.