Сирдарёдаги кафеда портлаш: 3 киши вафот этди
Портлаш сабаб ёнғин юз берган, 29 нафар фуқаро турли даражадаги куйиш ва тан жароҳатлари олган. 1 нафар беморнинг аҳволи ўта оғир.

Сирдарёда овқатланиш шохобчасида портлаш сабаб 3 киши вафот этди.
2 декабр куни Гулистон шаҳрининг "Тараққиёт" МФЙ ҳудудида жойлашган овқатланиш шохобчасида ёнғин содир бўлган. Ёнғин газ баллони портлаши оқибатида юз бергани айтилди.
Тез тиббий ёрдам бригадаси воқеа жойига етиб бориб, жабрланганларга биринчи тиббий ёрдамни кўрсатган.
Ҳодиса оқибатида 29 нафар фуқаро турли даражадаги куйиш ва тан жароҳатлари олган. Шундан 26 нафари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё вилояти филиалига ётқизилган, 3 нафарининг аҳволи қониқарли бўлгани боис амбулатор ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилган.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори Даврон Тўлаганов бошчилигидаги комбустиолог, реаниматолог, нейрохирург, қўшма жарроҳлар хирурги, травматолог ва микрохирурглардан иборат малакали мутахассислар шу куннинг ўзида воқеа жойига етиб бориб, беморларга тиббий хизмат кўрсатмоқда.
Ўта оғир қабул қилинган беморлардан 3 нафари вафот этган. Ҳозирги пайтда шифохонага ётқизилган 1 нафар беморнинг аҳволи ўта оғир бўлиб, у сунъий нафас олиш аппаратида. Реанимациядаги мавжуд беморларнинг 5 нафари стабил оғир, нафаси мустақил, ҳушида.
Айни пайтда қабул қилинган беморлардан икки нафари ҳомиладорлиги сабабли Республика ихтисослаштирилган она ва бола илмий-амалий тиббиёт марказининг Сирдарё вилояти филиалига кўчирилган. Уларнинг аҳволи қониқарли. Қолган 15 нафар беморнинг ҳам аҳволи қониқарли бўлиб, улар тегишли бўлимларда муолажа олмоқда.
Шифохонада беморлар учун зарур бўлган барча дори-дармонлар мавжуд. Уларга тегишли стандартлар асосида малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда, дейилади ССВ хабарида.