Шаҳрихон тумани ҳокимига ҳайфсан берилди
Тармоқда тумандаги умумий овқатланиш объектларидаги тандирлар бузиб ташлангани тасвирлари тарқалганди.

Шаҳрихон тумани ҳокими Ҳикматулло Дадахоновга ҳайфсан жазоси қўлланилди. Бу ҳақда Андижон вилояти ҳокимлиги хабар берди.
Ижтимоий тармоқларда Шаҳрихон туманида ҳаво ифлосланишини олдини олиш ҳамда экологик барқарорликни таъминлаш мақсадида ташкил этилган ишчи гуруҳи томонидан рейд тадбирлари ўтказилган.
Рейдда туман ҳокимининг кўрсатмаси билан умумий овқатланиш объектларидаги тандирларга зарар етказилган.
Ушбу ҳолат зудлик билан ўрганилиб, масъулиятсизликка йўл қўйган туман ҳокимига интизомий жазо чораси сифатида ҳайфсан берилди, дейилади вилоят ҳокимлиги хабарида.
Бундай ҳолатларни такрорламаслик борасида тушунтириш ишлари олиб борилди.
Шаҳрихон тумани ҳокимлиги эълон қилган рейд ҳақида пост ўчирилган.