Қашқадарёда бюджетдан 41 млрд сўмдан ошиқ маблағ ажратилди
Ҳарбий-маъмурий сектор жамғармасига 5 млрд сўм берилади. Республика бюджети олдидаги ссуда қарздорлигини қоплашга 15,7 млрд сўм йўналтирилади.

Қашқадарёда бюджетдан 41 млрд сўмдан ошиқ маблағ ажратилди.
Вилоятда ошириб бажарилган бюджет даромадларидан 41,4 млрд сўм қайта тақсимланади. Бу ҳақда Халқ депутатлари вилоят кенгаши қарорида айтилади. Ҳужжат 2025 йил 2 декабрда эълон қилинган.
Пуллар маҳаллий бюджетнинг 2025 йил III чоракда ошириб бажарилган даромадлари ҳисобидан турли йўналишлардаги лойиҳаларга йўналтирилади.
Кенгаш қарорига кўра, маблағлар тиббиёт, таълим, инфратузилма, ёшлар сиёсати, рақамлаштириш, спорт, сув хўжалиги, ижтимоий объектлар ва бошқа долзарб йўналишларга тақсимланади.
Тиббиётга ажратмалар орасида Қарши шаҳридаги 3-сон оилавий поликлиника реконструкцияси учун 1,45 млрд сўм, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси биносини таъмирлаш учун 1,5 млрд сўм, шунингдек “Ўпка саломатлиги” мобил комплекси учун “Исузу” микроавтобуси харидига 350 млн сўм маблағ кўзда тутилган.
Таълим ва ёшлар бўйича Деҳқонобод туманида иккита 60 ўринли ДМТТ биносини якунлаш учун ҳар бирига 1 млрд сўмдан ажратилади. Китоб туманидаги 82-мактаб учун янги спорт зал қурилишига 587 млн сўм, Қарши ва Яккабоғ туманларида ёшлар марказларини якунлаш учун ҳар бирига 2 млрд сўмдан йўналтирилади.
Ҳудудлар инфратузилмаси учун ажратилаётган маблағлар орасида Яккабоғ тумани ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш лойиҳаларига 2 млрд сўм, Шаҳрисабз шаҳрига 1 млрд сўм, Китоб тумани ички йўлларини жорий таъмирлашга 460 млн сўм берилиши кўзда тутилган.
Тумандаги трансформатор хариди бўйича юзага келган қарздорликни қоплаш учун эса 546 млн сўм йўналтирилади.
Сув хўжалиги объектларида хавфсизлик бўйича геологик тадқиқотлар ва лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун йирик сув омборлари кесимида 542 млн сўмдан ортиқ маблағ сарфланади. Спорт соҳасида эса вилоят Кураш федерацияси ходимлари иш ҳақи (377,8 млн сўм), ОФА вилоят бўлимининг сақлаш харажатлари (180 млн сўм) ва “Баркамол авлод” спорт мусобақаларини ўтказиш (244,6 млн сўм) молиялаштирилад
Рақамлаштириш бўйича ҳам бир қатор лойиҳалар тасдиқланган: “Халқ назорати” ахборот тизимини ишга тушириш (197,7 млн сўм), “Рақамли геопортал” ва “Коммунал хатлов” тизимлари (593,2 млн сўм), шунингдек age.qashqadaryo.uz ахборот порталини яратиш (418 млн сўм) шуьлар жумласидан. Бундан ташқари, “Ўзбекистон 24” билан тузилган шартнома суммасини тўлаш учун 500 млн сўм, “Абу Муин Насафий” мажмуаси ходимлари иш ҳақи учун 126,1 млн сўм ажратилади.
Йирик молиявий бандлардан бири — республика бюджети олдидаги ссуда қарздорлигини қоплаш бўлиб, бунинг учун 15,744 млрд сўм йўналтирилмоқда — бу умумий пакетнинг қарийб учдан бир қисмини ташкил этади.
Шунингдек, “Темурбеклар мактаби” лицейи объектларини якунлаш учун 1 млрд сўм, вилоят ИИБнинг “Тезкор бошқарув маркази” учун лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш мақсадида 200 млн сўм ажратилган.
Қарор ижроси вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари А.Қодиров, ҳоким ўринбосари М.Азизов ва тегишли доимий комиссия зиммасига юклатилган. Ҳужжат қабул қилинган кундан кучга кириши белгиланган.