Миграция агентлиги қачон халқ учун қайғуради?
Бу тизимда чуқур ислоҳотлар ўтказиш, унинг ишлаш механизми, молиялаштирилиши ва структурасини қайта кўриб чиқиш кечиктириб бўлмайдиган вазифага айланмоқда.

Ҳар бир мамлакат хорижда юрган фуқароларини ҳимоялашга ҳаракат қилади ва бунга мажбур ҳам. Меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммолар улар келган давлатларнинг халқаро нуфузига бевосита боғлиқ. Ҳар бир мамлакатнинг халқаро нуфузи – бу унинг фуқароларини қай даражада ҳимоя қила олишининг кўрсаткичи вазифасини ўташи мумкин.
Муносабат ёмонлашмоқда
Куни кеча Россиянинг “Адолатли Россия – ҳақиқат учун” партияси раҳбари Сергей Миронов мамлакатдаги миграция вазияти кескин тус олганини ва бу борада зудлик билан қатъий чоралар кўриш лозимлигини маълум қилди. Миронов “Россия 24” телеканалидаги чиқишида мигрантларга нисбатан сиёсатни тубдан ўзгартиришни назарда тутувчи учта таклиф берди.
Мироновнинг таъкидлашича, айрим ҳудудларда вазият шу даражага етганки, маҳаллий аҳоли “ўз урф-одатлари бўйича яшаётган келгиндилар” босими остида яшаш жойларини тарк этишга мажбур бўлмоқда. У мигрантларнинг Россия қонунларини гўёки писанд қилмаётганини кескин танқид қилар экан, давлатни радикал қарорлар қабул этишга чақирди.
Биринчи таклиф – амалдаги патент тизимидан воз кечиб, тўлиқ вахта (ротация) усулига ўтишдир. Унга кўра, хорижлик ишчилар аҳоли яшайдиган ҳудудларда эмас, балки бевосита қурилиш ёки ишлаб чиқариш объектлари қошида ташкил этилган ёпиқ ҳудудларда яшаши керак.
Иккинчи таклиф – бу жамоавий жавобгарлик масаласидир. Миронов агар бирор муҳожир жиноят содир этса, нафақат ўзини қонуний жазолашни, балки унинг Россиядаги барча қариндошларини ҳам мамлакатдан чиқариб юборишни таклиф қилди.
Учинчи таклиф эса Марказий Осиё давлатлари билан виза режимини жорий этиш ғояси илгари сурилди. Мироновнинг фикрича, ҳозирги катта оқимнинг фақат оз қисми ҳақиқий ишчилар бўлиб, қолганлари “шахсий ёки оилавий сабаблар” билан келиб, Россия ижтимоий тизимига ортиқча юк бўлмоқда.
Россиядаги бугунги аҳвол
Марказий Осиё давлатларининг меҳнат муҳожирлари асосан Россияни танлашади. 2024 йилда бу ерда 3,3 миллионга яқин марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари борлиги айтилган. Бу қатламнинг деярли ярмини ўзбекистонликлар ташкил этади.
“Росстат” маълумотларига кўра, Россияда 2 миллиондан ортиқ ўзбек меҳнат мигрантлари бор. Ўзбекистонда маошдан қониқмаслик ва иш ўринлари етарли эмаслиги миллионлаб одамларни четга чиқишга мажбур қилмоқда. Улар асосан қурилиш, сервис, озиқ-овқат саноати ва транспорт соҳаларида ишлайди. Ўзбекистонга хориждан пул жўнатмаларининг 78 фоизи ҳам Россиядаги муҳожирларимиз ҳисобига тўғри келади. Бу йилги жўнатмалар 27 фоизга ўсган бўлиб, фақатгина илк 6 ойда 8 миллиард долларни ташкил этган.
Россия охирги пайтларда меҳнат муҳожирлари учун талаб ва шартларини тобора қийинлаштираётганига, уларга муносабат ҳам халқ, ҳам ҳукумат даражасида тобора шовинистик ва дискриминацион тус олаётганига қарамасдан, барибир мигрантлар оқими тўхтамаяпти. Чунки Россия нисбатан яқин, тажрибадан ўтган ва йўлга қўйилган йўналиш. Қолаверса, таниш-билишлар тавсия қилади, рус тилини биладиганлар кўпчиликни ташкил этади.
Вазият ёмонлашмоқда
Айни кунларда Россиядаги миллатчи аҳоли ва мансабдор шахсларнинг мигрантларни одам ўрнида кўрмаслиги, ҳақорат қилиши, калтаклаши ва ўлдириши тобора кўпроқ учрамоқда. Россия ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари эса кўпинча бу каби ҳолатларга панжа орасидан қарайди. Мабодо жиноят иши очилса-да, миллий адоват эмас, маиший жанжал сифатида малакаланади. Ҳатто сўнгги пайтларда полициянинг ўзи ҳам мигрантлар билан муносабатда ҳақорат ва муштумзўрликни ишга солмоқда. Мигрантлар ишлайдиган ва яшайдиган ҳудудларга сабабсиз ва қонунсиз рейдлар уюштириб, уларнинг ҳуқуқларини поймол қилмоқда.
Шунингдек, Марказий Осиё фуқароларини Украинадаги урушга жалб этиш ҳам фаоллашган. Бу фронтда ўзбекистонликлар энг кўп ёлланган (2000дан зиёд) ва ҳалок бўлган (500 киши атрофида) хорижий фуқаролар орасида биринчи ўринда турибди.
Бундай ҳолатлар Россиядаги, умуман хориждаги энг ҳимоясиз фуқароларимиз – меҳнат мигрантлари билан ишлаш механизмларини ўзгартириш ва самарадорлигини ошириш масаласини янада долзарб ва устувор қилиб қўймоқда.
Нима қилган маъқул?
Россияда ўзбек мигрантларига нисбатан ксенофобия ва шовинизм ҳолатлари хавфли даражада ўсмоқда. Бу тенденция Россиядаги сиёсий ва иқтисодий инқироз чуқурлашган сари янада кучайиши мумкин.
Бу муаммога қандай ечим топиш керак? Жавоб эса оддий ва кўп бора тилга олинган.
Аввало, ўзимизда иш ўринларини кўпайтириш ва меҳнатга ҳақ тўлашни яхшилаш борасидаги ислоҳотларни тўхтатмаслик лозим. Иккинчидан, меҳнат бозорларини диверсификация қилишга каттароқ эътибор бериш керак. Демократик ва иқтисодиёти кучлироқ давлатлардаги корхоналар билан шартномаларни кўпайтириш шарт.
Шунингдек, фуқароларни хорижга жўнатиш билан шуғулланувчи агентликнинг монопол мақомини бекор қилиш, ундаги коррупцияга чек қўйиш, ишнинг асосий қисмини хусусий секторга топшириш мақсадга мувофиқ. Агентликка эса бундай хусусий бандлик ташкилотларига лицензия бериш ва улар фаолиятини назорат қилиш ваколатларини бериш кифоя. Чунки агентлик хорижда юрган 2 миллион меҳнат муҳожирига Россиядан бошқа давлатлардан даромадли иш топиб беришни шу пайтгача эплай олмади ва яқин истиқболда эплай олмайди ҳам.
Ҳозирча бу агентликнинг муваффақиятидан кўра, унинг тизимида порахўрлик ва коррупция урчиб кетгани ҳақидаги янгиликлар кўпроқ учрайди. Ҳаттоки Миграция агентлиги Россияга ишга жўнатган фуқаролар ҳам кўплаб қийинчиликларга дуч келаётгани, алдов ва фирибгарлик қурбони бўлишаётгани ҳақида Интернетда чиқишлар кўп учрамоқда. Ўзига юклатиган вазифани эплай олмаётган, самарадорлиги пасайиб кетган агентлик бюджетга ортиқча юк бўляпти холос. Бу тизимда чуқур ислоҳотлар ўтказиш, унинг ишлаш механизми, молиялаштирилиши ва структурасини қайта кўриб чиқиш кечиктириб бўлмайдиган вазифага айланмоқда.
Меҳнат муҳожирларига ҳуқуқий ёрдам: давлат масъулияти
Юқорида зикр этилган муаммоларнинг пайдо бўлишида ёки ҳал этилишида давлатнинг ҳам салбий ёки ижобий таъсири бор. Агар давлат меҳнат муҳожирларини чет элда қандай йўлларни босиб ўтиши, қандай иш шароитлари ва қонуний чекловларга дуч келиши мумкинлиги борасидаги маълумотлардан хабардор бўлишларига ёрдам берса, муаммоларни камайтиришга кўмаклашган бўларди.
Масалан, Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ўз вазифаларини сидқидилдан адо этишмаётгани борасида шикоятлар ниҳоятда кўп. Айрим консулликларимизга ҳатто қўнғироқ қилиб тушиб бўлмайди. Қўнғироқ қила олсангиз-да, сизга ёрдам беришларига кафолат йўқ. Натижада хориждаги юртдошларимиз ўзларини ташлаб қўйилгандек, ҳимоясиз ва назоратсиз қолгандек ҳис қилишмоқда.
Шу боис, мамлакатимиз халқаро майдонда ўз фуқаролари ҳимоясини кучайтириши керак. Чет элдаги элчихона ва консулликларимиз фуқароларга ёрдам беришдан қочмасликлари, уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш механизмларини такомиллаштириши талаб этилади.
Қолаверса, хорижга кетаётган ҳар бир юртдошимизнинг ўзи бораётган давлатдаги ҳуқуқий чекловлар борасида минимал тушунчаларга эга бўлиши ҳам мақсадга мувофиқ.
Ҳиндистон ва Филиппин каби “ишчи кучи” экспортёрларининг тажрибаси
Ҳиндистон ва Филиппин каби мамлакатлар мигрантларига хизмат кўрсатишга катта эътибор қаратиб, ўз фуқароларини етакчи мутахассис сифатида хорижда меҳнат қилишларини таъминлашга интилишади. Ҳиндистонда миграция тартибга солинган ва давлат фуқароларини хорижда ишлашга ундовчи тизим мавжуд. Филиппин эса ўз фуқароларини ўзига хос "каналлар" орқали тайёрлайди, юборишдан олдин уларга қонуний ҳуқуқлар, иш шартномалари ва маълумотларни беришга интилади. Буни мақбул модел сифатида ўрганиб чиқиш зарар қилмайди.
Абулфайз Сайидасқаров