platina.uz
Иқтисод

Депутатлар бюджетномани биринчи ўқишда қабул қилди

Лойиҳада келгуси йилда ижтимоий соҳага 220 триллион сўм ёки жами харажатларнинг қарийб 55 фоизи йўналтирилиши белгиланган. 

Депутатлар бюджетномани биринчи ўқишда қабул қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари 2026 йилги Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.

Муҳокама чоғида депутатлар солиқ ва божхона ставкаларини сақлаб қолиш даромадларнинг барқарор ўсишини таъминлаши кераклигини таъкидладилар.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар "2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида"ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқдилар. Қонун лойиҳаси бўйича бош вазир ўринбосари - иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров маъруза қилди.

Қонун лойиҳасида 2026 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти аҳоли жон бошига 4686 долларга етиши кўзда тутилган. Ўсиш суръатлари саноатда 6,4 фоиз, қишлоқ хўжалигида 4,2 фоиз, бозор хизматлари соҳасида 14,5 фоиз, қурилишда 10,2 фоиз бўлиши прогноз қилинмоқда. Шунингдек, инфляция даражаси пасайиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, 2026 йил учун консолидациялашган бюджет даромадлари ҳажми 515,4 трлн сўм, харажатлари 567 трлн сўм миқдорида белгиланиши, консолидациялашган бюджетнинг ялпи ички маҳсулотга нисбатан тақчиллиги 3 фоизни ташкил этиши, ташқи қарзнинг чекланган ҳажми жорий йилга нисбатан 5 млрд долларгача пасайиши назарда тутилган.

Муҳокамалар давомида депутатлар асосий солиқ ва божхона ставкаларини 2026 йилда ҳам ўзгаришсиз қолдириш иқтисодий ўсиш ва солиқ базасини кенгайтириш ҳисобига бюджет даромадлари ўсишини таъминлашга хизмат қилишига эътибор қаратдилар. Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича тизимли чора-тадбирлар мамлакат иқтисодиётида рақобат муҳитини яратишга хизмат қилиши таъкидланди.

Лойиҳада келгуси йилда ижтимоий соҳага 220 триллион сўм ёки жами харажатларнинг қарийб 55 фоизи йўналтирилиши белгиланган. Давлат бюджети маблағларининг 25,5 фоизи таълим ва илм-фанга, 12,1 фоизи соғлиқни сақлашга, 4,2 фоизи аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга йўналтирилиши назарда тутилмоқда.

Бюджетнома лойиҳаси ноябр охирида эълон қилинганди. Унга кўра, 2026 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 6,6 фоизга ўсиши прогноз қилинди.

Давлат қарзи эса ЯИМга нисбатан 35 фоиз атрофида шаклланиши мумкин.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid