platina.uz
Жамият

“Mercedes-Benz” автомобилларини қисмлаб олиб кириб, қайта йиққан шахсларга ҳукм ўқилди

Улар бу орқали божхона тўловларидан бўйин товлаган ва автомобилларни сохта ҳужжатлар орқали расмийлаштирган. Якуний ҳукмда машиналар давлат фойдасига мусодара этилиши белгиланди. 

“Mercedes-Benz” автомобилларини қисмлаб олиб кириб, қайта йиққан шахсларга ҳукм ўқилди

Тошкентда “Mercedes-Benz” автомобилларини қисмлаб олиб кириш ва қалбакилаштириш схемаси фош этилди.

Жиноят ишлари бўйича Олмазор тумани судида бир гуруҳ шахслар судланди. Суд ҳужжати Platina.uz ихтиёрида мавжуд. Иш жорий йилнинг 28 ноябр куни кўриб чиқилган.

Тошкент шаҳри Олмазор туман судида “Mercedes-Benz” русумли автомобильларни қисмларга ажратиб БААдан олиб кириш, божхона тўловларидан бўйин товланиши ва сохта ҳужжатлар билан расмийлаштириш бўйича жиноят иши кўриб чиқилди. Иш доирасида О. А., С. Ҳ., О. С., Ж. Т. (Auto Gas Systems МЧЖ раҳбари) ва Ф. С. ларга ҳукм ўқилди.

Суд материалларига кўра, айбланувчилар БААдан “Мерcедес-Бенз CLS500” ва “Мерcедес-Бенз С500/550Л” автомобилларини бутун ҳолида эмас, балки кузов, двигател ва бошқа эҳтиёт қисмлар сифатида ажратиб юбориб, Ўзбекистон ҳудудига алоҳида юк тариқасида олиб кирган.

Бу орқали улар автомобилларга нисбатан қўлланадиган юқори божхона тўловларини четлаб ўтишга уринган. Айрим двигательларнинг рақамлари атайлаб ўчирилиб, юк кузатув ҳужжатларида “рақамсиз” дея кўрсатиб қилинган.

Мамлакатга кириб келганидан сўнг, эҳтиёт қисмлар устахоналар ёрдамида яна битта бутун автомобиль сифатида қайта йиғилган. Кейин эса арзон нархга сотиб олинган, фойдаланишга яроқсиз эски “Мерcедес” автомобилларининг давлат рақами ва ҳужжатлари орқали “қайта жиҳозлаш” схемаси ишга солинган. Бу жараёнда “Газ-Install” ва “Auto Gaz Systems” МЧЖ номидан қалбакилаштирилган далолатномалар тайёрланиб, уларда автомобиль гўёки эски машинадан янгисига кузов алмашгани сифатида кўрсатилган.

Экспертиза бу ҳужжатлардаги имзо ва муҳрлар асл эгаларига тегишли эмаслигини тасдиқлади.

Комплекс экспертизалар натижасига кўра, қайта йиғилган автомобильлар аслида завод томонидан битта бутун транспорт воситаси сифатида ишлаб чиқарилгани, уларнинг бозор баҳоси мос равишда 319,4 миллион сўм ва 394,2 миллион сўм экани аниқланди. Тайёр автомобил сифатида расмийлаштирилган тақдирда, улар бўйича 500 миллиондан 800 миллион сўмгача қўшимча божхона тўловлари ундирилиши керак бўларди.

Айбланувчиларнинг айримлари ўз ҳаракатларини тан олган бўлса, бошқалари айбловни рад этган. Суд тергов давомида тўпланган далиллар асосида уларга қўйилган божхона тўловларидан бўйин товланиши, ҳужжатларни қалбакилаштириш ва жиноятга шериклик айбловлари тасдиқланган.

Якунмй суд ҳукмига кўра, А.О. га узил-кесил ўташ учун иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил 1 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

С.О ва С. Ҳ. ларга ҳам худди шундай жазо тайинланди.

Яна бир айбланувчи Ж. Т. ЖК 228-моддаси 2-қисмининг “а,б” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди ва унга шу модда билан иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси белгиланди.

Ф.С.га эса узил-кесил ўташ учун 3 йил 1 ой озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Иш юзасидан "Mercedes-Benz" автомобиллари давлат фойдасига мусодара қилинган.

Суд иши Олий суд порталидан олинди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid