Жиззах шаҳри ва Шароф Рашидов тумани ягона агломерация асосида ривожлантирилади
200 мингдан ортиқ аҳолиси бор Жиззахда шаҳар шифохонаси бўлмаган. Вилоят шифохонасининг эски биноси ўрнида шаҳар марказий шифохонаси ва поликлиникаси ташкил этилади.

Жиззахдаги йиғилишда қурилиш ва инфратузилма масалалари муҳокама қилинар экан, ижтимоий хизматлар, меҳнат бозори ва инфратузилмани марказдан узоқ маҳаллалар аҳолисига яқинлаштириш зарурлиги қайд этилди.
Урбанизация агентлиги ва вилоят ҳокимлигига Европадан мутахассисларни жалб қилиб, Жиззах шаҳри ва Шароф Рашидов туманини ягона агломерация асосида ривожлантириш бўйича мастер-режа ишлаб чиқиш топширилди. Бунда Шароф Рашидов тумани ва Жиззах шаҳри ўртасидаги 40 гектар бўш майдон танлаб олинади ва кейинги йилдан ушбу массивда 1 минг 200 хонадонли 50 та кўп қаватли уй қурилади.
Мастер-режада янги массивда барпо этиладиган боғча, мактаб, шифохона каби ижтимоий объектлар, электр, сув, йўл инфратузилмалари Жиззах шаҳри ва Шароф Рашидов тумани аҳолиси учун бирдек хизмат қилиши, иккита ҳудудни бир-бири билан боғлайдиган ягона жамоат транспорти тизимини йўлга қўйиш кўзда тутилиши керак.
Массив ҳудудида ягона маъмурий марказ қуриб, Шароф Рашидов туманидаги барча 21 та давлат ташкилотини шу ерга кўчириш зарурлиги қайд этилди.
темир йўл кесишмаларида юзага келадиган тирбандликлар кўп йиллардан буён одамларни қийнаб келаётган эди.
Аҳолининг талаб ва истакларини инобатга олиб, шаҳар ичидаги тирбандликни бартараф этиш учун 10 километрли айланма йўл қурилади.
Шунингдек, Даштобод шаҳарчаси ва Ховос тумани ўртасидаги темир йўл устидан ҳам янги кўприк қурилиши бошланди.
Шу кунга қадар 200 мингдан ортиқ аҳолиси бор Жиззах шаҳрида шаҳар шифохонаси бўлмаган. Бугун Жиззах шаҳри Оққўрғон маҳалласида вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази учун қурилган янги бино билан танишилди. Энди вилоят шифохонасининг эски биноси ўрнида шаҳар марказий шифохонаси ва поликлиникаси ташкил этилади.
Мазкур объектни кейинги йил инвестиция дастурига киритиб, таъмирлаш ва жиҳозлаш учун 20 миллиард сўм ажратиш топширилди.