Чиқинди корхоналари аҳолидан 8,8 млрд сўмдан ортиқ асоссиз маблағ ундиргани аниқланди
Тошкент вилоятида истеъмолчиларга тўловлар ҳисобланган бўлса ҳам, хизмат белгиланган даражада кўрсатилмаган.

5 та чиқинди ташиш корхонаси томонидан 250 мингга яқин истеъмолчидан 8,8 млрд сўмдан ортиқ асоссиз маблағ олингани аниқланди.
Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар берди. Қўмитанинг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси вилоятда аҳолига маиший чиқинди ташиш хизмати кўрсатилиши ҳолатини ўрганиб чиқди.
Ўрганишлар давомида бир қатор қонунбузилишлар яъни айрим хонадонлардан чиқиндилар умуман олиб кетилмаган бўлса-да, уларга тўловлар ҳисобланган ва хизмат белгиланган даражада кўрсатилмаган ҳолатлар ҳам аниқланди.
Юқоридаги аниқланган ҳолатлар юзасидан ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси томонидан “RAHNAMO SERVIS”, "ZERO-WASTE", “ZANGIOTA OBODON”, “ANGREN BUNYOD FAYZ” ва "OHANGARON SANITARIYA TOZALASH" МЧЖларига нисбатан "Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонун талаблари бузилиш билан белгиланган тартибда иш қўзғатилган. Натижаси юзасидан 250 мингга яқин истеъмолчига 8,8 млрд сўмдан ортиқ маблағ қайта ҳисоб-китоб қилиниши бўйича қарор қабул қилинди.
Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик юзасидан кўрсатма берилди.
Рақобат қўмитаси томонидан республикамизнинг ҳудудлари кесимида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида бу борадаги тизимли ўрганишлар давом эттирилмоқда.