Хоразмда дорихоналар устидан назорат кучайтирилади
Вилоятда тиббиёт аҳволи бўйича маҳаллий кенгаш ахбороти эълон қилинди. Дорилар танқислиги ва рақамлаштиришдаги камчиликлар аниқланган.

Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгаши қарорига кўра, ҳудуддаги тиббиёт аҳволи бўйича ахборот эълон қилинди. Қарор 2025 йил 27 ноябр куни чиқарилган.
Ўрганишларда дорилар танқислиги ва рақамлаштиришдаги камчиликлар аниқланди. Шунингдек, кўплаб беморлар текширувлар учун хусусий шифохоналарни танламоқда. Шифокорлар томонидан беморларни хусусий клиникаларга йўналтириш ҳолатлари кўпайган.
Ўрганиш жараёнида давлат шифохоналарида ишлайдиган бир қатор шифокорлар беморларни операция, МРТ, УЗИ ва бошқа текширувлар учун ўзлари фаолият юритадиган хусусий клиникаларга юбораётгани аниқланган. Депутатлар буни аҳолининг норозилигига сабаб бўлаётган асосий омиллардан бири сифатида кўрсатди.
Ҳазорасп ТТБда айрим дорилар расмий тамғаларсиз муомалада бўлгани, Гурлан туманида эса аналгетиклар, спазмолитиклар ва гормонлар бутунлай етишмагани қайд этилди. Дориларнинг беморларга “ўзингиз олиб келинг” тарзида ёзиб берилиши ҳам фош этилган.
Реимбурсация дастури қамрови паст — айрим туманларда 25–30% атрофида. Вилоят бўйича диспансер рўйхатидаги 425 минг беморнинг атиги 48,5 фоизи реимбурсация дастурига жалб қилинган. Урганчда қамров 26,3 фоиз, Гурланда 38 фоиз, Боғотнинг бир нечта ОШПларида кўрсаткич янада пастлиги айтилди.
ДМЕД рақамлаштириш тизимидан фойдаланиш сустлиги қайд этилди.
Шифокорлар электрон рецепт ва электрон битим тизимидан етарли даражада фойдалана олмаяпти. Қатор поликлиникаларда термо принтерлар етишмайди, айрим туманларда раҳбарият қоғоз ҳужжатлар билан ишлашни давом эттирмоқда.
Ҳомиладорларни кеч рўйхатга олиш кўпайган.
Айрим ОП ва ОШПларда 12 ҳафтадан кейин рўйхатга олинаётган ҳомиладорлар улуши 18–26 фоизгача етмоқда. Скрининг кўрсаткичлари бўйича ҳам бир қатор ҳудудларда режа бажарилмай қолган.
Кадрлар бўйича қонунбузарликлар кўпайган.
Меҳнат шартномаларини расмийлаштиришда бузилишлар, буйруқлар билан белгиланган муддатда таништирмаслик, ҳисоб-китобни ўз вақтида амалга оширмаслик ҳолатлари Боғот, Урганч ва Ҳазорасп туманларида қайд этилди.
Мавжуд ҳолат юзасидан кенгаш қуйидагича қарор чиқарган: 15 кун ичида “Йўл харитаси” ишлаб чиқилади, дорихоналар устидан кучайтирилган назорат ўрнатилади, хусусий клиникаларга ноқонуний йўналтиришни тўхтатиш аамалга оширилади.
Қарорга кўра:
-соҳага оид аниқланган камчиликлар бўйича 15 кун ичида батафсил таҳлил ва “Йўл харитаси” ишлаб чиқилади;
-шифокорларнинг хусусий клиникаларга ноқонуний йўналтириши қатъиян тўхтатилади;
- дорихоналар фаолияти, рецептсиз дори савдоси ва муддат ўтган дорилар бўйича рейдлар кучайтирилади;
- туғруқхоналарда санитария, жиҳоз, дори таъминоти ва она-бола хавфсизлиги бўйича қўшимча ўрганишлар ўтказилади;
- тиббиёт муассасаларини рақамлаштириш ва компютер техникаси билан таъминлаш тезлаштирилади ва бошқалар.
Қарор ижроси бўйича якуний ҳисобот йил охирига қадар Кенгашга тақдим этилади.