25 йилдан ошиқ қидирувда бўлган шахс Ўзбекистонга олиб келинди
У 1999 йилда Ўзбекистондан чиқиб кетган ҳамда Афғонистон, Покистон ва Сурия ҳудудларидаги халқаро террористик ташкилотлар сафида жанг қилган.

25 йилдан ортиқ қидирувда бўлган халқаро террористик ташкилот аъзоси Ўзбекистонга олиб келинди.
Давлат хавфсизлик хизмати томонидан чет эл махсус хизматлари билан ҳамкорликда тезкор-қидирув тадбирлари олиб борилди. Унда халқаро террористик ташкилотларга алоқадорлиги учун 25 йилдан ортиқ қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси жорий йилнинг ноябр ойида хорижда ушланиб, мамлакатимизга олиб келинди.
Диний экстремистик оқим ғояларини қўллаб-қувватлаб, “ҳижрат” ва “жиҳод” қилишни мақсад қилган ушбу шахс 1999 йилда Ўзбекистондан чиқиб кетган ҳамда Афғонистон, Покистон ва Сурия давлатлари ҳудудларидаги халқаро террористик ташкилотлар сафида жанговар ҳаракатларда иштирок этган.
Ўзганинг номига расмийлаштирилган сохта ҳужжатлар асосида яшириниб юрган мазкур шахс МДҲга аъзо давлатлардан бирида қўлга олинди.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 154- (ёлланиш), 155- (терроризм), 159- (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) ва бошқа моддалари билан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.