“Тошкент шаҳрида бошланган чоралардан сўнг ҳаво сифати яхши томонга ўзгарди” – Азиз Абдуҳакимов
Президентнинг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси – Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси, Махсус комиссия раҳбари Азиз Абдуҳакимов мамлакатда юзага келган экологик вазият ҳамда ҳаво сифатини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар юзасидан ахборот берди.

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси, Махсус комиссия раҳбари Азиз Абдуҳакимов янги фармон асосида кўрилаётган кескин чора-тадбирлар ўз натижасини бера бошлаганини қайд этди.
Шунингдек, вазият республика раҳбариятининг доимий назорати остида экани, давлатнинг тезкор жавоб бериш механизми тўлиқ ишлаваётгани, қабул қилинаётган барча қарорлар аниқ маълумотларга ҳамда илмий таҳлилларга асослангани маълум қилинди.
Азиз Абдуҳакимов, шунингдек, Тошкент ҳавосининг ифлосланишида табиий метеорологик ҳодисалар сабаб бўлганини маълум қилди:
“Ўзгидромет маълумотларига кўра, Тошкентда кузатилаётган ҳаво сифатининг ёмонлашиши бир вақтнинг ўзида намоён бўлиб, бир-бирини кучайтирган бир нечта антропоген ва табиий-иқлимий омиллар йиғиндиси билан боғлиқ.
Айни пайтда ҳавода кучли инверсия ҳодисаси кузатилмоқда, бунда иссиқ ҳаво массалари юқорига кўтарилиб, совуқ ҳаво массаларини пастга ‘қамалиб‘ қолган, бу эса ҳаво қатламларининг вертикал ҳаракатини тўхтатиб, ифлослантирувчи моддаларни қуйи қатламда ушаб қолади”.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси қошида туну-кун фаолият олиб борувчи 1157 қисқа рақамли call-марказ орқали аниқланган ҳуқуқбузарликлар, таклиф ва мурожаатларни қолдириш сўралди.
“Барча чора-тадбирлар Президент фармони, Махсус комиссия қарорлари ва илмий ташкилотлар тавсияларига қатъий амал қилган ҳолда амалга оширилмоқда. Вазият 24/7 режимида кузатиб борилмоқда ва биз аҳолини тизимли асосда ўзгаришлар, барча тезкор қадамлар ва стратегик қарорларнинг амалга оширилиши тўғрисида хабардор қилиб борамиз”, - деди А.Абдуҳакимов.
Маълумот учун, Махсус комиссия томонидан давлат органлари, ташкилотлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар 24/7 режимида сафарбар қилинди.