Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига борди
Давлат раҳбари “Самарқанд – Ургут” янги темир йўл линиясида олиб борилаётган ишлар билан танишди. “Ferre Group” корхонасининг маиший техника ишлаб чиқариш лойиҳаси кўздан кечирилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига ташриф буюрди.
Давлат раҳбари Оқдарё тумани Даҳбед шаҳарчасида жойлашган Маҳдуми Аъзам мажмуасида амалга оширилаётган реконструкция ишлари билан танишди.
Давлатимиз раҳбари шу йилнинг март ойида Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида Маҳдуми Аъзам қадамжосини обод қилишга оид лойиҳа билан танишган эди.
Асли ҳозирги Косонсой туманида туғилган сўфий олим нақшбандия таълимотининг раҳнамоларидан бири бўлган. Ёшлик чоғларида Фарғонадаги мадрасада савод чиқариб, Самарқандда Хожа Аҳрор Валийнинг шогирди мавлоно Муҳаммад Қозий қўлида пирлик даражасига етишади. Кейинчалик ўзи тариқат илмига доир 30 дан зиёд асар ёзган, кўплаб шогирдлар етиштирган.
Бу зотга илм йўлидаги хизматлари учун Маҳдуми Аъзам унвони берилади. Илм ва дин йўлидаги узоқ сафардан сўнг Самарқанд вилоятида абадий қўним топган.
Самарқанд ҳукмдори бўлган Ялангтўш Баҳодир Маҳдуми Аъзам қабри устида даxма қурдирган ҳамда бу ерда йирик масжид, илм толиблари учун мадраса ҳам барпо қилган. У вафот этганидан сўнг ўз васиятига кўра, шу ерда дафн этилган. Умуман, зиёратгоҳда 50 дан зиёд қабртош сақланган бўлиб, аксарияти кимнинг шарафига қўйилгани аниқланган. Бу ерда кўплаб алломалар қаторида икки нафар Афғонистон ҳукмдори (Шоҳ Ҳидоят ибн Шоҳ Қосим (1668 йил), Шоҳ Саодат ибн Шоҳ Ҳидоят) ҳам дафн этилган.
Аллома мангу қўним топган зиёратгоҳда лойиҳа доирасида кенг кўламли реконструкция ишлари амалга оширилмоқда.
Маҳдуми Аъзам зиёратгоҳининг умумий майдони қарийб 5 гектарни ташкил этади. Бу масканга келувчи зиёратчилар ҳам кўп. Уларга шароитларни яхшилаш мақсадида Маҳдуми Аъзам мақбараси ёнида уч қаватли замонавий автотураргоҳ, кириш дарвозаси, кушхона ва маъмурий бинолар, таҳоратхона, минг кишилик масжид ва қўшимча айвонлар қурилмоқда.
Таъмирлаш ишларидан сўнг бир вақтнинг ўзида 35 минг зиёратчини қабул қилиш имконияти яратилади. Авваллари 5 минг зиёратчи қабул қилинган.
Шунингдек, ҳудудда зиёратчиларга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, 40 дан ортиқ савдо ва сервис объектлари ташкил этилади.
Алломанинг руҳлари ёдга олиниб, Қуръон тиловати қилинди. Президент зиёратгоҳда дарахт экди.
Зиёратгоҳни янада ободонлаштириш, боғда асрларга татигулик дарахтлар барпо этиб, ташриф буюрувчилар учун қулайликлар яратиш юзасидан топшириқлар берилди.
Президент Самарқандга ташрифи чоғида Ҳазрати Ҳизр мажмуасида ҳам бўлиб, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов мақбарасига гул қўйди. Қуръон оятлари тиловат этилиб, дуо ўқилди.
Президент Шавкат Мирзиёев “Самарқанд – Ургут” янги темир йўл линиясида олиб борилаётган ишлар билан танишди.
Ушбу темир йўл қурилиши жорий йил февраль ойида бошланган бўлиб, умумий узунлиги 55 километрни ташкил этади. Лойиҳа доирасида иккита вокзал, “Ургут” иқтисодий зонасида иккита юк станцияси ҳамда бир қатор кўприклар барпо этилди. Эътиборлиси, мазкур линияни келгусида тўлиқ электрлаштириш режалаштирилган.
Янги йўналиш икки жуфт шаҳарлараро поезд ва тўққиз жуфт юк поезди қатновини таъминлаш имкониятига эга. Лойиҳани шу йил якунига қадар якунлаш кўзда тутилган. Поездлар қатнови йўлга қўйилиши орқали йилига 359 минг йўловчи ва 8,2 миллион тонна юк ташиш имкони яратилади.
Йўналиш Самарқанд шаҳри, Жомбой, Пастдарғом, Тойлоқ ва Ургут туманлари аҳолиси учун хавфсиз ва замонавий транспорт хизмати тақдим этиши билан аҳамиятли. Шунингдек, ички туризм ривожига ҳам катта туртки беради.
Темир йўл инфратузилмаси иқтисодиётнинг асосий тармоқларидан бири бўлиб, ушбу лойиҳа “Ургут” эркин иқтисодий зонаси салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади. Янги йўналиш ишга тушиши натижасида 130 та янги иш ўрни яратилади.
Давлатимиз раҳбари жамоатчилик вакиллари билан бирга мазкур йўналишда ҳаракатланувчи поездда Ургутга борди.
Сафар чоғида Президент темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш, йўловчилар учун қулайликларни янада ошириш, темир йўлларни электрлаштириш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш юзасидан мутасаддиларга қўшимча топшириқлар берди. Шунингдек, йўл бўйлаб амалга оширилаётган қурилиш ва ободончилик ишларига эътибор қаратди.
Ургут тумани катта салоҳиятга эга ҳудуд сифатида тобора муҳим ўрин эгаллаб бораётгани таъкидланди. Бу ердаги аҳоли ишбилармон, тадбиркорлик руҳи кучли. Мамлакатимиз иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга бўлган бундай ҳудудларни ривожлантиришда эса замонавий логистика ва инфратузилма ҳал қилувчи омил ҳисобланади.
Янги темир йўлнинг келиши билан Ургутда иқтисодий ўсишни чеклаб турган тўсиқлар, логистик “тромб”лар бартараф этилади. Юк ташиш тезлашади, маҳсулотлар бозорларга арзон ва вақтида етказилади, инвесторлар учун қулайликлар янада ортиб, ҳудуднинг рақобатбардошлиги ошади.

Энг муҳими, ҳудудда яратилаётган янги имкониятлар аҳолининг турмуш даражасига бевосита ижобий таъсир кўрсатади. Инфратузилма ривожланган жойда иш ўринлари кўпаяди, хизматлар яхшиланади, тадбиркорлик фаоллашади.
Таъкидланишича, мазкур лойиҳа темир йўл тармоғини модернизация қилиш ва кенгайтиришга қаратилган ишларнинг муҳим қисми ҳисобланади. Бу жараёнда ишларни ўз вақтида ва юқори сифатда амалга ошириш, рақамли технологияларни кенг жорий этиш ҳамда харажатларни оптималлаштириш зарурлиги айтилди.
Сафар чоғидаги суҳбатда давлатимиз раҳбари Самарқандда бўлаётган ижтимоий-иқтисодий янгиланишларнинг одамлар ҳаётидаги ижобий акси яққол кўзга ташланаётгани, ёшларни ватанпарварлик руҳида, Янги Ўзбекистоннинг бунёдкорлари сифатида тарбиялаш ҳақида сўз юритди. Ургутгача тортилган темир йўлига туташ ерларни ўзлаштириш, уларда қишлоқ хўжалиги маданиятини юксалтириш, таълим соҳасида, шу жумладан, қўшни давлатлар билан халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди.
Ургут вокзали янги йўналишнинг асосий нуқталаридан бири. Президентимиз вокзал инфратузилмаси, хизмат кўрсатиш тизими ва йўловчилар ҳаракатини ташкил этиш масалаларига эътибор қаратди. Туристлар учун қулайликларни яхшилаш муҳимлиги қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари шу ерда Ургут тумани фаоллари билан самимий мулоқот ўтказди. Суҳбатда ҳудудлардаги ўзгаришлар, аҳоли турмуш тарзи ва тинчлик қадри ҳақида фикр алмашилди.
Одамларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, даромад ва фаровонликни ошириш, маҳаллаларни обод қилиш давлат сиёсатида устувор йўналиш сифатида белгиланаётгани таъкидланди. Иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришлар натижасида саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм, транспорт ва энергетика соҳаларида йирик лойиҳалар амалга оширилаётгани қайд этилди.
Нуронийлар бу ўзгаришлар аҳоли ҳаётида сезиларли натижа бераётгани, халқимиз ислоҳотларга юқори баҳо бераётганини таъкидлади.
Президент Ургут туманидаги “Ferre Group” корхонасининг маиший техника ишлаб чиқариш лойиҳаси фаолияти билан танишди.

“Ургут” эркин иқтисодий зонасидаги мазкур корхона кейинги йилларда юртимизда тадбиркорлик субъектларига яратилган қулай имконият ва ишончли инвестиция муҳити натижасида ташкил этилган замонавий ишлаб чиқариш мажмуаси саналади.
Дастлаб хориждан келтирилган бутловчи буюмлар асосида бир неча турдаги маиший техника воситаларини йиғиш билан фаолият бошлаган корхона бугунга келиб музлаткич, газ плита, кичик печ, чангюткич ва дудбурон, бошқа уй-рўзғор буюмлари, замонавий темир эшиклар ишлаб чиқариш бўйича Марказий Осиёда мустаҳкам ўринга эга йирик компанияга айланган.
Бу ерда “Dorsa”, “Kleo”, “Ferre” каби брендлар остида “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи билан тайёрланаётган маҳсулотлар Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжонга экспорт қилинмоқда. Ички бозордаги рақобат муҳитида ҳам “Ferre” ўз ўрнини топган брендга айланган. Корхонанинг йиллик қуввати ҳозирда ўртача 440 миллиард сўмлик 250 минг дона маҳсулотни ташкил этиб, бу кўрсаткич йил сайин ошиб бормоқда.
Ишлаб чиқариш жараёнида "Embraco", "LG", "DOW", "Midea" каби дунёдаги етакчи компаниялар материаллари ва бутловчи қисмларидан фойдаланилади. Бугунги кунда корхона маҳсулотларининг маҳаллийлаштириш даражаси қарийб 85 фоизни ташкил этади.
Лойиҳанинг умумий қиймати ўттиз миллион АҚШ доллари бўлиб, хорижий инвестиция ва банкнинг имтиёзлари кредитлари жалб этилган. Мингга яқин иш ўрни яратилган. Ишлаб чиқариш ускуналари Германия, Туркия, Италия ва Хитойнинг энг сўнгги русумдаги технологиялари ҳисобланади.
Шавкат Мирзиёев бу ердаги ишлаб чиқариш жараёнини кузатди, корхона масъуллари ва мутахассислар билан суҳбатлашиб, халқаро стандартларга мос маҳсулотлар турини ошириш ва хориж бозоридаги ўрнини янада мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади. Бу борада давлат томонидан яратиб берилган имконият ва имтиёзлардан унумли фойдаланиш зарурлиги қайд этилди.
Ўз брендига асос солиб, юртимиз довруғини дунёга таратаётган тадбиркорлар доимо қўллаб-қувватланиши айтилди. Улар қўшимча қиймат яратиб, минглаб одамларни доимий даромадга эга қилмоқда.
– Тадбиркорни қўллаб-қувватламасдан янги Ўзбекистонни барпо қила олмаймиз. Агар сизлар тинимсиз изланиб, бирлашсангиз, Самарқандда камбағал деган қатлам қолмайди. Ҳаракатда бўлиб, Ўзбекистон номини жаҳонга танитишдек имкониятга эгасиз, – деди Президент.
Давлатимиз раҳбари “Ургут” эркин иқтисодий зонасида бу каби ишлаб чиқариш корхоналарини кўпайтириш орқали қўшимча қиймат яратиш ва янги иш ўринлари очишнинг муҳимлигини таъкидлаб, масъулларга топшириқлар берди.
Шу ерда Президент инвестиция лойиҳалари, Самарқанд вилоятидаги етакчи саноат корхоналарида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси билан танишди.
Тақдимотда соғлиқни сақлаш, тоғ-кон саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, технопарк, ипакчилик ва металлургия йўналишларидаги қатор лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.
Самарқанд шаҳрида Туркиянинг нуфузли компаниялари билан ҳамкорликда давлат-хусусий шериклиги асосида кўп тармоқли шифохона ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилади. Ушбу лойиҳа доирасида 1 минг нафар иш ўрни яратилади.
Булунғур туманида эса Хитой компанияси билан тиббий препаратлар ишлаб чиқариш йўлга қўйиш режалаштирилган. Бу лойиҳа доирасида ҳам 1 минг нафар одамнинг бандлиги таъминланади.
Шунингдек, Хитой компаниялари Ургут туманида ипак толаси ҳамда мато ишлаб чиқариш, Нуробод туманида технопарк махсус саноат зонасини ташкил этиш, Самарқанд шаҳрида пўлатни эритишда фойдаланиладиган кимёвий қотишмалар тайёрлаш, Пастдарғом туманида кўчма иншоотлар ясаш каби лойиҳалар тақдим этилди.
Лойиҳаларни ўз вақтида сифатли ва тезкор амалга ошириш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.