Фаррух Ўктамжонов Гулистон шаҳар ҳокими этиб тасдиқланди
Аввал бу лавозимда Жамолиддин Ходжиманов ишлаб келаётганди. Сирдарё ҳокими Эркинжон Турдимов шаҳарда камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва бошқа масалаларда камчиликка йўл қўйилганини билдирган.

Гулистон шаҳрида ҳоким ўзгарди. Халқ депутатлари шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилди.
Таҳлилий-танқидий руҳда ўтган сессия ишида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов иштирок этди.
Эркинжон Турдимов ўз нутқида шаҳарда қатор соҳаларда қолоқликка йўл қўйилаётганлиги, хусусан, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, янги инвестицион лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, экспорт борасида шаҳар биринчи раҳбарининг ҳаракатлари етарли эмаслигини билдирди.
Сессияда ташкилий масала кўрилди.
Шу кунга қадар шаҳар ҳокими лавозимида ишлаб келган Ходжиманов Жамолиддин Хусниддинович эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Депутатлар томонидан шу кунга қадар Сирдарё вилояти ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият олиб борган Ўктамжонов Фаррух Ўктамжонович номзоди Гулистон шаҳар ҳокими лавозимига тасдиқланди.