platina.uz
Жамият

Россия, Тожикистон, Қозоғистон дипломлари Ўзбекистонда тан олинадими?

Билимларни баҳолаш агентлиги ушбу давлатлар дипломлари нострфикациядан ўтказилмасдан амал қилиши бўйича саволларга жавоб берди ва олий таълимга оид глобал конвенцияни эслатди. 

Россия, Тожикистон, Қозоғистон дипломлари Ўзбекистонда тан олинадими?

Россия, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон дипломлари Ўзбекистонда тан олинадими? Билимларни баҳолаш агентлиги мазкур масалада ахборот берди.

Олий таълимга оид малакаларни тан олиш тўғрисидаги глобал конвенция (Париж, 2019 йил 25 ноябрь) ҳақида:

Ўзбекистон “Олий таълим соҳасида малакаларни тан олиш тўғрисидаги глобал конвенция”ни ратификация қилгани ҳақида хабар берган эдик. Ушбу хабардан кейин мазкур конвенциянинг аҳамияти, мазкур Конвенция асосида Россия, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистондаги олий таълим ташкилотлари томонидан берилган дипломлар Ўзбекистон ҳудудида нострфикациядан ўтказилмасдан амал қилиши ҳақида саволлар келиб тушмоқда.

Ўзбекистон Республикасида хорижий давлатлар томонидан берилган таълим олганлик тўғрисидаги дипломларни тан олиш Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 июлдаги 620-сон қарори билан тасдиқланган “Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тартиби ҳақида”ги Низом талаблари асосида амалга оширилади.

Мазкур Низом билан Ўзбекистон ҳудудида тўғридан тўғри тан олинадиган хорижий давлатларда олинган ҳужжатлар тоифалари белгиланган.

Жумладан, Низомнинг 7-банди ўнинчи хатбошида Ўзбекистоннинг халқаро шартномаларида назарда тутилган ҳолларда хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатлар тўғридан тўғри (махсус синовларсиз) тан олиниши белгиланган.

Олий таълимга оид малакаларни тан олиш тўғрисидаги глобал конвенция ЮНЕСКО шафелигида ишлаб чиқилган глобал аҳамиятга эга бўлган биринчи шартнома ҳисобланади. Конвенциянинг 4-моддасида Конвенциянинг аъзоси бўлган иштирокчи давлат Конвенциянинг аъзоси бўлган бошқа иштирокчи давлатларда эгалланган ва ҳужжатлар орқали тасдиқланган малакаларни тан олиш мажбурияти кўрсатилган.

Тан олиш жараёни ҳар бир давлатнинг ўз миллий қонунчилигида белгиланган тартибда амалга оширилиб, бунда иштирокчи давлатлар бошқа давлатларда эгалланган олий таълимга оид малака (диплом)ни адолатли тарзда тан олиши лозим. Давлатлар таълим тизими (стандарт) ўртасида муҳим фарқлар мавжуд бўлгандагина тан олиш рад этилиши мумкин.

Ҳозирги кунда 38 та давлат Глобал конвенцияга аъзо ҳисобланади ва 10 га яқин давлатлар Конвенцияга аъзо бўлиш жараёнини олиб бормоқда.

Глобал конвенцияга аъзо (иштирокчи) давлатлар рўйхати:

Европа минтақасида (20 та субъект) - Франция, Буюк Британия, Финландия, Норвегия, Швеция, Исландия, Венгрия, Андорра, Арманистон, Хорватия, Эстония, Литва, Молдова, Руминия, Словакия, Грузия, Босния ва Герцоговина, Муқаддас Престол, Сан-Марино, Люксембург;

Америка минтақасида (4 та субъект) - Куба, Никарагуа, Эквадор, Уругвай;

Африка минтақасида (7 та субъект) - Жанубий Африка Республикаси, Тунис, Кабо Верде, Жибути, Котдивуар, Гвинея, Сенегал;

Осиё минтақасида (5 та субъект) - Япония, Жанубий Корея, Мўғулистон, Яман, Фаластин;

Австралия ва Океания минтақасида (2 та субъект) - Австралия, Янги Зеландия.

Конвенциянинг 18-моддасига асосан унга аъзо бўлиш ҳар бир давлат ЮНЕСКО котибиятига мазкур Конвенцияга аъзо бўлиш ҳақида ўз ҳужжатини тақдим этганидан кейин 3 ой ўтгач амалга оширилади. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси ушбу Конвенцияни ратификатсия қилиш ҳақидаги Қонуннинг тасдиқлангани ҳақидаги ёрлиқни ЮНЕСКО котибиятига тақдим этган вақтдан бошлаб 3 ой ўтгач, Конвенциянинг тўлақонли аъзоси ҳисобланади.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Марказий Осиё давлатлари орасида Глобал конвенцияга аъзо бўлган илк давлат бўлади.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда қайд этиш керакки, Глобал конвенция доирасида фақатгина унга аъзо бўлган давлатлар ўртасида олий таълимга оид малака (диплом)ларни ўзаро тан олиш механизмлари қўлланилади.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid