Япония бош вазирининг сўзлари Хитой билан муносабатларни кескинлаштирди
Япон ҳукумати раҳбари “Хитой Тайванга ҳужум қилса, Токио ҳарбий чоралар кўриши мумкин” деб баёнот берганди. Пекин япон денгиз маҳсулотлари импортини чеклади.

Хитой Япония денгиз маҳсулотлари импортини тўхтатади — бу Токио ва Пекин ўртасидаги кескинликнинг навбатдаги кучайиши бўлди.
Ушбу қарор Япония бош вазири Санае Такаичининг “Хитой Тайванга ҳужум қилса, Токио ҳарбий чоралар кўриши мумкин” деган баёноти сабаб қабул қилинган.
Хитой расмийлари импортни тўхтатишга сабаб Фукушима Даиичи атом электр станциясидан чиқарилаётган тозаланган оқова сувни назорат қилиш эканлигини айтди.
Бу қарор Токио ва Пекин ўртасидаги кескинлик кучайган бир пайтда қабул қилинди. Япония бош вазири Санае Такаичининг парламентдаги чиқишида “Агар Хитой Тайванга ҳужум қилса, Япония учун бу "ҳаётий хавф туғдирувчи вазият бўлиши мумкин”, деган баёноти Хитой томонидан мустақил Тайван устидан ўз суверенитетига қарши қаратилган чақириқ сифатида талқин қилинди.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мао Нин, Такаичининг сўзлари “Хитой-Япония муносабатларининг сиёсий асосига жиддий путур етказди”, деб айтиб, натижада “япон денгиз маҳсулотларига бозорда жой қолмаганини” таъкидлади.
Шундан сўнг Япония Хитойдаги фуқароларини эҳтиёт бўлишга, гавжум жойлардан йироқ юришга чақирди. Хитой эса ўз навбатида фуқароларига Японияга бормасликни маслаҳат берди ва япон филмларининг икки премьерасини кечиктирди.
Мао “агар Япония ўз баёнотларини қайтариб олмаса ёки нотўғри қадамларни давом эттирса, Хитой кескин ва қатъий қарши чоралар кўришга мажбур бўлади ва юзага келадиган оқибатларнинг барчаси учун Япония жавобгар бўлади” - дея огоҳлантирди.
Хитой, шунингдек, Япония элчисини чақиртириб, агар Токио Тайванга ҳарбий аралашса, уларни ҳалокатли мағлубият кутишини ошкора огоҳлантирди.
Мазкур можаро сўнгги йилларда Хитой ва Япония ўртасидаги муносабатлар кескин ёмонлашишига сабаб бўлаётган энг жиддий воқеалардан бири бўлиб, у Ҳинд-Тинч океани минтақасидаги хавфсизлик, тарих ва таъсир борасидаги эски зиддиятларни яна юзага чиқармоқда.
Якшанба куни Хитой соҳил қўриқлаш кемалари Шарқий Хитой денгизидаги баҳсли ороллар атрофидаги сувларга кириб борди. Япония соҳил қўриқлаш хизмати кемаларни ҳудуддан чиқарганини маълум қилди. Мазкур ороллар Японияда Сенкаку, Хитойда эса Дяоюй дао деб аталади ва айниқса 2012 йилда Япония уларни миллийлаштиргандан бери доимий кескинлик нуқтаси бўлиб келади.
Хитой давлат ОАВлари ва дипломатлари интернетда кескин риторикани кучайтирди. Ҳатто Хитойнинг бир бош консули “аралашиб тиқилган бўйинни кесиб ташлаш керак” деган изоҳни ёзиб, кейин ўчириб юборди.
АҚШнинг Япониядаги элчиси Жорж Гласс ҳам ижтимоий тармоқларда Хитой амалдорларини танқид қилди.
Шу билан бирга, Хитойнинг Японияга нисбатан огоҳлантириши иқтисодий босимни кучайтирди. Чунки хитойлик сайёҳлар Японияга кирувчи умумий туризмнинг қарийб чорагини ташкил қилади. Шу ҳафтанинг ўзида япон туризм ва чакана савдо акциялари 5 фоиздан 10 фоизгача тушиб кетди. Хитойлик сайёҳлар сонининг кескин камайиши ушбу соҳани жиддий зарар келтириши мумкинлиги таҳмин қилинмоқда.