Трамп демократларни исёнга уринишда айблади
Улар АҚШ ҳарбийларига ноқонуний буйруқларга бўйсунмасликни чақирган видеони эълон қилган.

АҚш президенти Доналд Трамп демократлар тайёрлаган ҳарбийларга мурожаат видеосини “ўлим билан жазоланиши мумкин бўлган исёнкор хатти-ҳаракат” деб атади.
Бундай айбловларга уларнинг АҚШ ҳарбийларига ноқонуний буйруқларга бўйсунмасликка чақирган видео эълон қилгани сабаб бўлган.
АҚШ президенти Доналд Трамп олти нафар демократ партия вакилини давлатга қарши қўзғолончи хатти-ҳаракатларда айблади, чунки улар АҚШ ҳарбийларига ноқонуний буйруқларга бўйсунмасликни чақирган видеони эълон қилган эди.
“Бу жуда ёмон ва мамлакатимиз учун хавфли. Уларнинг сўзларига йўл қўйиб бўлмайди. Хоинлардан исёнкорона ҳаракат! Уларни қаманг” - деб ёзди Трамп ижтимоий тармоқда.
Ҳарбий ёки разведка соҳасида хизмат қилган бу олти нафар қонунчи Трампнинг баёнотларини хавфли деб атаб, унинг баёнотларини сайланган амалдорларга қарши таҳдидлар деб баҳолади.
“Бизни ҳеч қандай таҳдид, қўрқитиш ёки зўравонликка чақириқлар муқаддас бурчимизни бажаришдан тўхтата олмайди”, дейилади уларнинг қўшма баёнотида.
Демократларнинг видеоси, Мичиган сенатори Элисса Слоткин томонидан тарқатилган бўлиб, унда Аризона сенатори Марк Келли ҳамда Пенсилваниядан Крис ДеЛузио, Ню-Гампширдан Мегги Гудландер, Пенсилваниядан Крисси Хоулахан ва Колорадодан Жейсон Кроу иштирок этди.
Ҳарбий-денгиз флотида хизмат қилган ва собиқ астронавт бўлган сенатор Келли: “Қонунларимиз аниқ. Сиз ноқонуний буйруқлардан бош тортишингиз мумкин” дея ҳарбийларга мурожаат қилди. Қонунчилар видеода "Ҳеч ким қонун ёки конституцияга зид буйруқларни бажаришга мажбур эмас” - дейди.
Трамп эса "Truth Social"да бир қатор постлар орқали вазиятга ўзининг фикрини билдирди. “Бу мамлакатнинг ҳар бир хоини қамалиши ва суд қилиниши керак. Уларнинг сўзларига йўл қўйиб бўлмайди” - деб ёзди у бир постида.
Бошқа постида эса: “Исёнкорона хатти-ҳаракат — ўлим билан жазоланади!” деб ёзди. Трамп, шунингдек, “Жорж Вашингтон уларни осган бўларди!” деган постни қайта улашди.
20 ноябрдаги матбуот анжуманида Оқ уй матбуот котиби Каролин Лэвитт Трамп Конгресс аъзоларини қатл этишга чақирган деган танқидларни рад этди.
“Бу хонадаги кўпчилик президентнинг реакцияси ҳақида гапирмоқчи, лекин президентни бунга нима мажбур қилганини муҳокама қилмаяпти”, деди у. У демократларни ҳарбий хизматчиларни “қонуний буйруқларни” бажармасликка ундаганликда айблади.
Лэвитт 20 ноябр куни тушдан кейин Оқ уй матбуот анжуманида Трамп Конгресс аъзоларини “қатл қилишни хоҳлайдими” деган саволга тезда “йўқ” деб жавоб берди ва ОАВ диққатини ўша қонунчиларнинг ўз фикрларига қаратиши кераклигини айтди. “Улар ҳақиқатан ҳам 1,3 миллион фаол ҳарбий хизматчига буйруқ занжирига бўйсунмасликни, қонуний буйруқларга амал қилмасликни айтишяпти”, деди Леавитт матбуот анжуманида.
“Бу эҳтимол қонун бўйича жазоланиши мумкин”, деб қўшимча қилди у.