Тошкентда ҳаво ифлосланиши сабаб кўчаларга сув сепилди
Бундан ташқари иссиқхона хўжаликларида рейдлар ўтказиш, қозонхоналарга филтрлар ўрнатиш каби тадбирлар ҳам амалга оширилган.

Тошкентда ҳаво ифлосланиши сабаб кўчаларга сув сепилди. Пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати жараён тасвирларини эълон қилди.
Хабарда айтилишича "шаҳар муҳитининг юқори чангланиши шароитида энг тезкор самарали чоралардан бири — йўл қопламаси ва унга яқин ҳудудларни намлашдир. Бу усул илмий асосга эга бўлиб, дунёнинг кўплаб йирик шаҳарларида ифлосланиш авж олган даврларда қўлланилади.
Шу сабабли, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Ободонлаштириш бошқармаси томонидан йўл қопламасига сув сепиш ва яшил ҳудудларни суғориш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, бу йилги фавворалар мавсуми тугаган бўлишига қарамай, пойтахтдаги барча фавворалар ҳамда микроиқлим қурилмалари ишга туширилмоқда".
Ҳокимлик хабарида таъкидланишича, бу чанг зарраларини камайтиради.
Ҳаво ифлосланишининг асосий манбаи — PM10 ва PM2.5 ўлчамдаги майда чанг зарраларидир. Йўл намланганда ушбу майда заррачалар сув билан аралашиб, ерга чўкади ва атмосферага қайта кўтарилиб кетишининг олди олинади.
Автомобиллар ҳаракатланаётганда йўл юзасидаги қуруқ чанг доим кўтариб туради. Намланган йўл эса "иккиламчи чангланиш"ни сезиларли камайтиради. Халқаро тадқиқотларга кўра, бу кўрсаткич шаҳар ПМ чиқиндиларининг 25–40% ини ташкил қилиши мумкин.
Йўлларга сув сепиш ва яшил зоналарнинг суғорилиши ҳароратни пасайтиради. Юқори ҳароратда чанг ҳавода узоқроқ вақт сақланиб қолади, ифлослантирувчи моддалар кимёвий реаксиялари тезлашади. Намлаш эса бу жараённи секинлаштиради ва заррачаларнинг тезроқ чўкишини таъминлайди.
Шу билан бир қаторда:
-иссиқхона хўжаликларида рейдлар ўтказиш,
-қозонхоналарга филтрлар ўрнатиш,
-экологик назоратни кучайтириш чоралари кўрилмоқда, дея маълум қилган ҳокимлик.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги кунларда Тошкент дунёнинг ҳавоси ифлосланган шаҳарларидан бини бўлиб қолмоқда.