platina.uz
Жамият

Туризмни ривожлантиришнинг асосий мақсадлари белгиланди

2030 йилга қадар 4 ва 5 юлдузли меҳмонхоналар сонини 2 бараварга ошириш,  туризмнинг ЯИМдаги улушини амалдаги 3,5 фоиздан 7 фоизгача етказиш кўзда тутилган. 

Туризмни ривожлантиришнинг асосий мақсадлари белгиланди

Президентнинг "Туризм қўмитаси фаолиятини ташкил этиш ва туризм соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" қарори эълон қилинди.

Унга кўра, 2030 йилгача туризм соҳасини ривожлантиришнинг қуйидаги асосий мақсадлари этиб белгиланди:

- туризм соҳасининг ялпи ички маҳсулотдаги улушини амалдаги 3,5 фоиздан 7 фоизгача етказиш;

- чет эллик туристларнинг йиллик сонини амалдаги 10 млн нафардан 20 млн нафаргача етказиш, шу жумладан, тўлов қобилияти юқори бўлган туристлар оқимини кўпайтириш;

- туризм хизматлари йиллик экспорти ҳажмини 6 млрд АҚШ долларидан ошириш;

- Ўзбекистоннинг туристик шаҳарлари ўртасидаги транспорт боғланишини яхшилаш, ички авиақатновлар сонини кўпайтириш ҳамда йўлга сарфланадиган вақтни камида 3 бараварга қисқартириш;

- 4 ва 5 юлдузли меҳмонхоналар сонини 2 бараварга ошириш;

- туристик хизматлар ва маҳсулотларни диверсификация қилиш орқали республиканинг туристик салоҳиятини тўлиқ ишга солиш;

- жаҳонда кенг таниладиган Ўзбекистоннинг туристик брендини яратиш ва миллий туристик маҳсулотларни оммалаштириш учун янги инструментларни жорий этиш.

Ўзбекистон дунё иқтисодиётининг энг жадал ривожланаётган соҳасига катта эътибор қаратмоқда.

БМТнинг маълум қилишича , 2023 йилда халқаро туризм бозорининг ҳажми 1,4 трлн. AҚШ долларини ташкил қилган.

Франция, Италия, Буюк Британия, Туркия ва Таиланд каби бир қатор давлатларда туризм соҳаси мамлакат иқтисодининг драйверига айланган.

Ўзбекистон ҳам соҳа ривожига алоҳида эътибор қаратмоқда. Мамлакатдаги 7400 та ортиқ маданий мерос объектларидан 209 таси ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатда туризмни ривожлантириш бўйича янги муҳим ҳужжатнинг қабул қилиниши, иқтисодиётни кучайтириш ва Ўзбекистон нуфузини оширишга қодир бўлган ушбу стратегик соҳага алоҳида эътибор қаратилаётганини яна бир бор таъкидламоқда.

Қарорга кўра:

-туризм соҳасини ривожлантиришнинг 2030 йилгача бўлган асосий мақсадлари белгилаб олинди;

-2026-2028 йилларда турли лойиҳа ва чора-тадбирлар ўтказиш белгиланди;

-Соҳа мунтазам равишда давлат томонидан қўллаб-қувватланиши белгиланди;

-Ҳозирги замон талабига айланиб улгурган рақамлаштиришни соҳага жорий этиш;

-Кадрлар сиёсати, уларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Қўмита ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда жаҳонга машҳур кийим-кечак брендларини савдо-кўнгилочар мажмуаларга жалб қилиш ҳамда шаҳарлар четларида (атрофларида) миллий архитектура услубига асосланган замонавий аутлет марказларни ташкил этиш чораларини кўради:

-биринчи босқичда (2030 йилгача) – Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларида;

- иккинчи босқичда (2030 йилдан бошлаб) – туристик салоҳияти юқори бўлган бошқа аҳоли пунктларида.

Туристик стартапларни – янги турдаги туризм хизматларини ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизи, бироқ 1 млрд сўмдан кўп бўлмаган миқдорда ҳар йили энг яхши 10 тагача лойиҳаларга субсидиялар ажратилади.

Туризм соҳаси субъектлари томонидан импорт қилинадиган автобус, электробус ва микроавтобуслар божхона божидан озод этилади.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid