platina.uz
Жамият

Наманганда мансабдорлар ташкил этган “бункер” фош этилди

Давлатобод туманидаги директор ўринбосари, Наманган давлат техника университети бўлим бошлиғи ҳамда ушбу бўлим мутахассиси ва бошқалар ўзаро тил бириктирган. Улар пул эвазига ўқитувчиларга аттестация имтиҳонларида ёрдам беришни кўзлаган. 

Наманганда мансабдорлар ташкил этган “бункер” фош этилди

Наманган шаҳрида таълим тизимида ишловчи мансабдор шахслар томонидан ташкил қилинган “бункер” фош этилди.

Наманган вилояти Давлатобод туманидаги умумий ўрта таълим мактаби директори ўринбосари, Наманган давлат техника университети бўлим бошлиғи ҳамда ушбу бўлим мутахассиси ва бошқалар ўзаро тил бириктириб, малака тоифаларини белгилаш учун ўтказилган аттестация имтиҳонлари доирасида тест синовларини топширишларида педагог ўқитувчиларга моддий манфаат эвазига “бункер” орқали масофадан туриб ёрдам берганликлари аниқланди.

Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида Наманган шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда “бункер” сифатида фойдаланилаётган хонадон кўздан кечирилди.

Натижада, ушбу манзилда тест саволларини ечишга жалб қилинган 12 нафар ўқитувчи борлиги аниқланиб, ноутбук, 30 дона ҳар хил турдаги эшитиш мосламаси ва яширин камералар, 8 дона “Wi-Fi” роутер ва бошқа буюмлар ашёвий далил сифатида олинди.

Терговга қадар текширув тадбирлари давомида, мактаб директори ўринбосари ва бошқалар имтиҳон натижаларини ижобий ҳал қилиб беришга ишонтирган ҳолда, вилоятдаги педагог ўқитувчиларнинг маълум бир қисмидан 1300-1500 АҚШ долларидан талаб қилиб, жорий йил сентябрь-октябрь ойларининг ўзида 25 минг АҚШ доллари миқдорида пул маблағи йиғиб олишган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодекснинг 168-моддаси 3-қисми “б” банди ва 28,211-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Таъкидлаш лозимки, Давлатобод туманидаги умумий ўрта таълим мактаби директори ўринбосари ҳамда “бункер”ни бошқараётган, 2001 й.т. фуқаро муқаддам айнан шундай жиноят содир этганликлари учун жавобгарликка тортилган шахслар ҳисобланади.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid