platina.uz
Сиёсат

Шавкат Мирзиёев аҳолини бой қилишда 4 та йўналишни белгилаб берди

Қурилиш, хизмат кўрсатиш, саноат ва қишлоқ хўжалиги бўйича янги лойиҳалар амалга оширилади.

Шавкат Мирзиёев аҳолини бой қилишда 4 та йўналишни белгилаб берди

Президент Шавкат Мирзиёев аҳолини банд қилиш ва даромадини ошириш бўйича 4 та йўналишни белгилаб берди.

Биринчи йўналиш – қурилиш орқали аҳолини ишли ва даромадли қилиш.

Келгуси йилда мамлакатимизда 675 триллион сўмлик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. Шундан 380 триллион сўми қурилиш ишларига тўғри келади.

Келгуси йилда 140 минг хонадонли кўп қаватли уй-жой қуриш мақсад қилинган.

Ҳар бир ҳоким бундан самарали фойдаланиб, қурилиш соҳасининг ўзидан камида 20-25 минг, яратилган инфратузилма орқали 10 минг кишини бандлигини таъминлаши мумкинлиги қайд этилди.

Энг катта янгилик – 2026-йилда илк бор маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш учун 20 триллион сўм вилоятларнинг ўзига берилади. Лекин бу маблағ ҳамма туманга тенг тақсимланмайди.

Чунки Дўстлик туманида берилган 5 миллиард сўм мақсадли ишлатилиб, Чинобод маҳалласидаги 2 километрли кўчанинг инфратузилмаси яхшиланди, кун-у тун ишлайдиган масканга айлантирилди. Ишнинг самараси кўрингани сабабли туманга яна 10 миллиард сўм ажратилган эди, кўчага туташган дарё бўйи ободонлаштирилди, савдо-сервис учун қўшимча жой очилди. Натижада 130 та янги тадбиркор иш бошлаб, 700 нафар одамни банд қилди.

Лекин худди шундай “драйвер” лойиҳалар учун маблағ олган Учкўприк, Бектемир, Жомбой, Китоб, Тошкент туманларида ҳали натижа кўрингани йўқ.

“Энди қайси ҳоким тез ҳаракат қилиб, аниқ лойиҳа асосида натижа кўрсатса, ўша туман кўп маблағ олади”, – деди Президент.

Иккинчи йўналиш – сервис лойиҳаларини кўпайтириб, аҳоли бандлигини таъминлаш.

Вилоят, туман ҳокимлари хизматлар соҳасига катта суръат бераётган туризмни ривожлантириш орқали иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадини кўпайтириш имкониятларини тўлиқ ишга солмаётгани кўрсатиб ўтилди.

Туризм салоҳияти юқори 150 та маҳалланинг инфратузилмаси яхшиланса, хизматлар ҳажмини 10 триллион сўмга етказиш, 45 минг нафар одамни савдо ва сервисда банд қилиш мумкин.

Шу боис, келаси йилда 150 та маҳалланинг ҳар бирига инфратузилма учун 3-5 миллиард сўмдан берилади. Туман банклари бу жойларда меҳмон уйлари барпо этиш учун 150 миллион сўмгача имтиёзли кредит ажратишни йўлга қўяди.

Чегара ва анклав ҳудудлардаги 563 та маҳаллага туман ҳокимлари етарли эътибор қаратмаётгани қайд этилди.

У ерларга олиб борувчи йўллар таъмирланиб, меҳмон уйлари, дам олиш маскани, савдо-сервис обектлари ташкил қилинса, 50 минг хонадоннинг даромади кўпаяди.

Масалан, Сўх дарёсининг Сариканда, Ровон, Истиқлол маҳаллалари ҳудудидан ўтган 5 километр қисмида курорт зона ва кўнгилочар маскан ташкил қилинса, йилига 30 минг сайёҳ келади. Бунинг ҳисобига 200 та оиланинг даромади ошади.

Агар ҳар бир ҳоким 563 та маҳаллада ишни шу тартибда йўлга қўйиб, камида 100 минг одамни банд қилса, 25 минг оилани камбағалликдан чиқариш мумкинлиги қайд этилди.

Ушбу маҳаллаларда дам олиш ва сервис обектларини қуриш лойиҳалари учун 1 триллион сўм ресурс ажратиш топширилди.

Учинчи йўналиш – саноат лойиҳалари орқали доимий иш ўринларини кўпайтириш.

Келгуси йилда ҳудудлардаги корхоналарда 52 миллиард долларлик саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш режа қилинган.

Мутасаддилар маҳаллий саноат тармоқларида 22 миллиард долларлик 3,5 мингта лойиҳани ишга тушириб, 130 минг доимий иш ўрни ташкил қилиши зарурлиги қайд этилди.

Ғиждувон тажрибаси асосида ҳозирда 400 та маҳалла мебелчилик, ҳунармандчилик ва тикувчиликка ихтисослашган. Тадбиркорларнинг жойи кенгайтириб берилса, ҳар бири яна 5-10 кишини ишга олишга тайёр.

Шу муносабат билан туман ҳокимларига келаси йилда саноатга ихтисослашган бундай маҳаллаларда 50 та “микросаноат маркази”ни ишга тушириш, банклар билан биргаликда камида 800 миллиард сўмлик 1,5 минг кичик саноат лойиҳасини амалга ошириб, 10 минг нафар одамни ишли қилиш топширилди.

Бу марказларнинг инфратузилмаси учун 200 миллиард сўм ажратилади.

Тўртинчи йўналиш – қишлоқ хўжалиги ҳисобидан аҳоли даромадларини ошириш.

Камбағалликни қисқартиришда аҳолига 232 минг гектар ер бўлиб берилгани натижасида 770 минг одам даромад манбаига эга бўлди.

Лекин тажрибаси етишмагани, сифатли уруғ, маҳсулотига бозор топишга қийналгани учун уларнинг учдан бирида даромад кам.

Томорқа эгаларига серҳосил уруғни танлаш, ишни тўғри ташкил этиш орқали ердан даромадни кескин оширишни ўргатиш мақсадида Термиз туманида Томорқа мактаби ташкил қилинди.

Ушбу мактабда томорқага илм билан ёндашиб, бир йилда Сурхондарё шароитида 5 мартагача экин экиш ўргатиляпти. 3 минг нафар эҳтиёжманд аҳоли цитрус мева, анжир, хурмо, гул етиштириш бўйича махсус курсларда ўқитилди.

Агар бу тажриба барча ҳудудларда жорий қилинса, маҳсулот етиштириш ҳам, экспорт ҳам, асосийси, деҳқонларнинг даромади ҳам 4-5 карра кўпаяди.

Шу боис, ҳар бир вилоятда камида 5 тадан бундай мактабларни ташкил қилиб, ижарага ер олган одамларни сердаромад экин экишга ўргатиш топширилди. Деҳқонлар ижарага олган ерида етиштирган маҳсулотни кафолатли сотиши учун “Экспортчи кооперативлари” ташкил қилинади.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid