Президент икки ҳокимни ишдан олди
Айрим туман ҳокимлари эса бандлик масалаларида жиддий камчиликлар ва кўзбўямачиликка йўл қўйган.

Денов тумани ҳокими Илҳом Аброров, унинг биринчи ўринбосари Ш.Тўрақулов, Чироқчи тумани ҳокими Файзулла Юсупов, унинг биринчи ўринбосари З.Эргашев ишдан олинди.
Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган йиғилишда маълум қилинди. Улар камбағаллик ва ишсизликни бартараф этишда етарли ишлар ташкил қилмаган.
Хусусан, Денов тумани ҳокимлиги ишларни ўз ҳолига ташлаб қўйган. Камбағал оилалар реестрига кирганидан буён 1200 та оила даромадида ўзгариш бўлмаган.
Ёки Чироқчи туманига жорий йил маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш учун кредитга 309 миллиард сўм ресурс берилган. Лекин туман ҳокимлиги шунча ресурси билан ҳам одамларга имкониятига яраша тайёр лойиҳа бермаган.
Айрим туман ҳокимлари бандлик масалаларида жиддий камчиликлар ва кўзбўямачиликка йўл қўяётгани кўрсатиб ўтилди.
Бош вазирга ишга шундай ёндашган 20 та – Яшнобод, Бухоро, Ғиждувон, Косон, Хатирчи, Қумқўрғон, Янгийўл, Ўзбекистон, Гулистон, Яккабоғ, Андижон, Паркент, Тошкент, Нуробод, Учтепа, Чортоқ, Давлатобод, Олтинкўл, Қизириқ, Когон туманлари ҳокимларига нисбатан ўрнатилган тартибда чора кўриш топширилди.
Бу масалада Узун тумани намунавий ҳудудлардан бири сифатида қайд этилди. 51 та маҳалласи бўлган туманга жорий йил камбағалликни қисқартириш ва бандлик дастурлари доирасида 160 миллиард сўм маблағ берилган.
Туманга 70 миллион доллар хорижий инвестиция олиб келинди, 47 та корхона ишга туширилди, 300 та сервис обектида 1 минг нафар одам ишли бўлди, 9 та маҳалла узумчиликка ихтисослаштирилиб, тадбиркор билан аҳоли ўртасида кооперация йўлга қўйилди, 2 мингдан зиёд микролойиҳада 4 минг 200 нафар одам даромадли бўлди.
Шуларнинг ҳисобига Узун туманида йил бошидан камбағаллик даражаси 10,5 фоиздан 3 фоизгача камайди.