platina.uz
Спорт

ПСЖ ва Мбаппе ўртасида йирик можаро юзага келди

Футболчи клубдан 260 миллион евро товон тўлашни талаб қилган, ПСЖ эса ўз навбатида 440 миллион евро ундириш ниятида. 

ПСЖ ва Мбаппе ўртасида йирик можаро юзага келди

Париж Сен-Жермен (ПСЖ) ва клуб собиқ футболчиси Килиан Мбаппе ўртасидаги ҳуқуқий можаро янада кескинлашди: томонлар бир-биридан улкан миқдорда товон талаб қилмоқда.

Мбаппе клубдан 260 миллион евро товон тўлашни талаб қилмоқда, ПСЖ эса 440 миллион евро ундиришга уринмоқда.

Франциялик юлдуз ҳужумчи ва унинг собиқ клуби ўртасидаги низо тўланмаган маошлар билан боғлиқ бўлиб, масала саноат суди томонидан кўриб чиқилди.

Суд мажлисига келмаган Мбаппе аввал ПСЖ уни 55 миллион евро миқдорида қарздор деб даъво қилган эди. Энди эса у клубдан 260 миллион евродан ортиқ маблағ талаб қилмоқда. Унинг фикрича, ПСЖ унга бу пулни тўлаши шарт, чунки у билан тузилган муддатли шартнома доимий шартнома сифатида қайта таснифланиши керак. Бундай таснифланиш эса асоссиз ишдан бўшатиш, тўланмаган иш ҳақи, бонуслар ва нафақа тўлови учун компенсацияни юзага келтиради.

ПСЖ эса, ўз навбатида, ҳужумчидан жами 440 миллион евро ундиришга уринмоқда. Бу суммага 180 миллион евролик “имконият йўқотилиши” ҳам киради — клубнинг таъкидлашича, Мбаппе 2023 йил июль ойида Саудия Арабистонининг “Ал-Ҳилол” клубидан келган 300 миллион евролик таклифни рад этиб, эркин агент сифатида кетгани сабабли трансфер амалга ошмай қолган.

ПСЖ ўз баёнотида, музокаралар ва шартнома бажарилишида ҳалоллик тамойиллари бузилгани, шунингдек, клуб обрў-эътиборига ва имижига етказилган зарарни қоплашни ҳам талаб қилаётганини маълум қилди.

Суд қарори келаси ойда эълон қилиниши кутилмоқда.

ПСЖнинг таъкидлашича, 2023–24 йилги мавсум бошланишидан олдин Мбаппе шартномани узайтиришдан бош тортганидан кейин вақтинча четлаштирилганида, жамоага қайтиши учун у маълум бонуслардан воз кечишга оғзаки рози бўлган.

“Судда клуб 2022 йил июлидан 2023 йил июнигача, қарийб 11 ой давомида футболчи шартномани узайтириш нияти йўқлигини яшириб, клубни трансфер бўйича ҳар қандай имкониятдан маҳрум қилганини кўрсатувчи далилларни тақдим этди,” — дейилади клуб баёнотида.

Мбаппе ПСЖни ахлоқий тазйиқда айблар экан, клубда ўзига нисбатан қўлланилган “лофтинг” амалиётини қоралади. Лофтинг — Францияда спорт, интизомий ёки маъмурий сабаблар билан футболчини асосий жамоадан ажратиб қўйиш амалиётини билдиради.

Мбаппé ва ПСЖ ўртасидаги муносабат чуқур таранглик билан якунланган. Клуб унга 2022 йилда тарихидаги энг юқори маошли шартномани таклиф қилиб, унга катта ишонч билдирган эди.

Орадан бир йил ўтиб, Мбаппé клубни ҳайратда қолдириб, шартномани узайтирмаслигини маълум қилди.

Шартномани узайтирмаслигини билдирганидан сўнг, Мбаппе ёзги Япония ва Жанубий Корея сафарига олинмади ва заҳирадаги футболчилар билан машғулот ўтказишга мажбур қилинди. Клуб уни 2024 йилда текин кетказишдан кўра сотиб юборишни афзал кўришини билдирди, бироқ Мбаппе "Ал-Ҳилол" таклифини рад этди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid