Пулли паркинг: шаҳар бедарвозами?
Platina.uz пулли автотураргоҳлар масаласида жамоатчилик фаоли Расул Кушербаев ва урбанист Искандар Солиев билан боғланиб, уларнинг эътирозлари ва таклифлари билан қизиқди.

Мамлакатимизда урбанизация даражаси ошиб бориши, автомобиллар кўпайиб боргани сари шаҳарларда янги муаммолар юзага чиқмоқда. Жумладан, пойтахтимизда автомобиллар учун тўхташ жойлари, яъни паркинг айниқса долзарб масалага айланган. Йўл четлари, бинолар атрофидаги ҳудудлар автомобиллар томонидан ноқонуний равишда “ишғол” қилинаётгани, шунингдек, айрим шубҳали шахс ва гуруҳлар томонидан ўзбилармонлик билан ноқонуний пул ишлаш манбаига айлантириб олингани аҳолида ҳақли эътирозлар туғдиряпти.
Бу муаммони ҳал қилиш, паркинг борасида юзага келган “хаос”ни тартибга солиш ва ҳуқуқий майдонга олиб чиқиш учун амалий қадамлар қўйиляпти, албатта. Хусусан, ўтган йили 16 октябр куни Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов пойтахтда йўл бўйларида пулли автотураргоҳларни жорий этиш тўғрисидаги 731-14-0-Q/24 сонли қарорни имзолади. Унда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва “Тошкент Инвест компанияси” акциядорлик жамиятининг Тошкент шаҳрида транспорт воситаларининг пулли тўхтаб туриш жойлари фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда уларни босқичма-босқич ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланиб, Тошкент шаҳрида транспорт воситаларининг пулли тўхтаб туриш жойларини ташкил этиш тартиби белгиланган.
Афсуски, пулли паркинг ташкил этишда ҳам, ҳар доим бўлгани каби, аравани отдан олдин қўйиш анъанаси яна такрорланди. Пулли автомобил тўхташ жойларини ташкил этиш механизми такомиллаштирилмаган ҳолда, яъни лойиҳа хомлигича амалга татбиқ этилди. Масалан, тўловни амалга ошириш муаммо туғдирмоқда, паркинг учун тўлов дунёдаги шу каби қийматдан бир неча баробар қиммат, йўл четларини шунчаки белги қўйиб, “тайёрига айёр” бўлиб, пуллик қилиб қўйишмоқда. Бу каби муаммолар ҳайдовчилар ҳамда фаолларда қатор саволлар туғдиргани табиий ҳол.
Жумладан, Экология вазири маслаҳатчиси, жамоатчилик фаоли Расул Кушербаев бу соҳадаги қўпол камчиликларни кўрсатган ҳолда маҳаллий ҳокимият вакилларига эътироз билдирди. У шаҳар ҳокимининг бу борадаги қарорини бекор қилиш мақсадида ҳам петиция эълон қилди. Аммо у кейинчалик ўчириб ташланди.
Албатта, бу шаҳар маъмуриятига ёқиб тушгани йўқ. Дарҳол маҳаллий ОАВда Расул Кушербаевнинг мазкур қарори танқид остига олинди. Хусусан, Кушербаев ушбу қарорни бекор қилиш учун келтирган асослар исботлаб берилмаган, деган важлар келтирилди.
Мазкур масалага ойдинлик киритиш, умуман пойтахтда пулли паркинг масаласининг қоронғу жиҳатларини ёритиш мақсадида, Расул Кушербаев ва урбанист олим Искандар Солиевга мурожаат қилдик.
Юқоридаги видеода кўришингиз мумкин.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, пойтахтда пулли автотураргоҳлар жорий этилиши ўзига хос эҳтиёждан келиб чиққан, аммо унинг амалга оширилишидаги шошқалоқлик ва етарли тайёргарликнинг йўқлиги жамоатчилик норозилигини кучайтириб юбормоқда. Бир томондан, шаҳар инфратузилмаси учун тартиб, қонунийлик ва замонавий ечимлар зарур. Иккинчи томондан эса бу каби ислоҳотлар ҳеч қачон фуқаролар манфаатини инкор қилган, экспертлар хулосаларини четга сурган ҳолда амалга оширилмаслиги керак.
Расул Кушербаев каби жамоат фаоллари томонидан билдирилган эътирозлар, урбанистлар келтирган илмий таҳлиллар – буларнинг барчаси шундан далолат беряптики, паркинг сиёсати қайта кўриб чиқилиши, чет эл тажрибалари билан солиштирилган ҳолда такомиллаштирилиши шарт. Чунки бу масала фақат машиналар тўхтаб туриши эмас – шаҳарнинг нафас олиши, одамларнинг кундалик турмуши, қонунийлик ва адолат мезонлари билан ҳам бевосита боғлиқ.
Тошкент ривожланаётган мегаполисга айланмоқда. Унинг келажаги фақат бетон ва асфалтда эмас, балки шаффофлик, тушунтириш, жамоатчилик фикрини тинглаш ва ҳисоблашиш ҳамда профессионал ёндашувда. Пулли паркинг атрофидаги бу тортишув эса ана шу йўлдаги муҳим синов ҳисобланади.
Абулфайз Сайидасқаров тайёрлади