platina.uz
Мақола

Исроил яна Эронга зарба бериши мумкинми?

Яҳудий давлати Эронда учта асосий мақсадни кўзлаган: улардан бири мамлакатни янги Сурия ёки Ливанга айлантириш, яъни АҚШ иштирокисиз ва жазосиз қолган ҳолда бемалол бомбардимон қилишдир. 

Исроил яна Эронга зарба бериши мумкинми?

Яқин Шарқ ҳавосида яна порох ҳиди анқий бошлади. Ҳар бир янгилик, ҳар бир дипломатик ишора, ҳар бир сиёсий баёнот - янги уруш чақируви каби жарангламоқда. Шундай нозик даврда яна савол юзага чиқяпти: Исроил яна Эронга ҳужум қила оладими?

Нетаняҳуга тинчлик бермаётган “таҳдид”

Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу Яқин Шарқда Исроилдан кўра кучлироқ ва қудратлироқ давлат бўлишини истамайди. Исроил ва Американи ўзига расман душман деб ҳисобловчи Эрон эса чорак асрдан бери унинг тилидан тушмайди. Яқин Шарқдаги кўплаб давлатларни Исроилга таҳдид соляпти деган баҳонада “ёмонотлиқ” қилган, уларга ҳужум қилиш учун АҚШни гиж-гижлаб келган Нетаняҳу ўз мақсадига деярли эришди. Ироқда Саддам Ҳусайн режими ағдарилди, Суриядан Башар Асад ҳайдалди... Бошқа давлатларга ҳам ўзи ҳарбий таҳдид солаётгани етмагандек, Вашингтонни ҳам унга қўшилишга ундаб келмоқда. 2025 йил 13 июн куни эса Нетаняҳу яна бир мақсадига қисман эришди - «Rising Lion» («Юксалувчи шер») амалиётида Эроннинг ядровий ва ҳарбий объектларига зарба берилди.

13 июн ҳужумидан чиқарилган сабоқлар

Исроил 13 июн куни бошлаган ҳужум фақатгина Эроннинг ядровий дастури билан боғлиқ эмас эди. Аксинча, у Яқин Шарқда кучлар мувозанатини ўзгартиришга қаратилган бўлиб, Теҳроннинг ядровий салоҳиятидан хавотир муҳим бўлсада, лекин ҳал қилувчи омил эмас эди. Йигирма йилдан ортиқ вақт давомида Исроил АҚШни Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларга ундаб келди, чунки Тель-Авив ўзи ета олмайдиган минтақавий мувозанатни тиклашни АҚШ орқали амалга оширишни истайди.

Эроннинг ядровий инфратузилмасини заифлаштиришдан ташқари, Исроил учта асосий мақсад кўзлаган. Биринчиси — Қўшма Штатларни Эрон билан тўғридан-тўғри ҳарбий тўқнашувга тортиш; иккинчиси — Эрон режимини «бошсиз» қолдириш; учинчиси — мамлакатни янги Сурия ёки Ливанга айлантириш, яъни Тель-Авив Америка иштирокисиз ва жазосиз қолган ҳолда бемалол бомбардимон қила оладиган давлатга айлантириш. Аммо бу мақсадлардан фақат биттасигина амалга ошди. Яна ҳам муҳими — Трамп Эроннинг ядровий дастурини «йўқ қилиш» ёки ҳеч бўлмаса уни сезиларли даражада секинлаштиришга эришолмади, шунинг учун бу масалани ҳал қилинди, деб бўлмайди.

Бошқа мақсадлар эса муваффақиятсиз тугади. Разведканинг дастлабки ютуқларига — 30 нафар юқори лавозимли қўмондон ва 19 нафар ядровий олимнинг йўқ қилинганига қарамай, Исроилга Эроннинг қўмондонлик ва бошқарув тизимини фақат қисқа муддатга издан чиқариш муваффақ бўлди.

Исроил илк ракета зарбалари Эрон раҳбарияти орасида ваҳима келтириб чиқаради ва режим тезроқ қулашига олиб келади, деб хом умид қилган эди. Washington Post маълумотларига кўра, форс тилида бемалол гаплашадиган «Моссад» агентлари урушнинг илк соатларида юқори мартабали эронлик амалдорларга мобил телефонлар орқали қўнғироқ қилишган. Улар амалдорларга ва уларнинг оилаларига таҳдид қилиб, режимни қоралайдиган ва ундан очиқча воз кечишга чақирувчи видеолар ёзишни талаб қилган. Эроннинг ҳоким элитаси катта йўқотишлардан ҳали ҳам шок ҳолатида турганида, шунга ўхшаш 20 дан ортиқ қўнғироқ қилинган. Бироқ ҳеч бўлмаганда бирор бир эронлик генерал бу таҳдидларга бўйсунгани ҳақида ҳеч қандай далил йўқ. Эрон режими бирдамлигини сақлаб қолди.

Исроил кутганидек, унинг ҳужумлари Эронда оммавий норозиликлар ёки республикага қарши қўзғолон келтириб чиқармади. Аксинча, охирги пайтда Оятуллонинг шиа муллакратия режимидан норозилиги ортиб бораётган эронликлар ҳам — сиёсий қарашларидан қатъи назар — режимни эмас, ҳеч бўлмаса, мамлакатни ҳимоя қилиш ғояси атрофида бирлашди.

Исроил режалари қандай?

The Washington Post хабарига кўра, Исроил янги превентив зарбалар эҳтимолини жиддий кўриб чиқмоқда. Навбатдаги зарбалар ҳам икки сценарийда амалга ошиши мумкин.

Масофадан туриб зарба бериш — юқори аниқликдаги ракеталар, дронлар, киберзарбалар.

Хавфлироқ вариант — Исроил ҳарбий ҳаво кучлари Эрон ҳаво ҳудудига кириб, чуқур яширилган объектларга зарба бериши, ҳатто бошқарув марказларини фалаж қилиши мумкин.

«Биз Эроннинг ядро қуролига эга бўлишига йўл қўя олмаймиз», — бу фикр Исроил раҳбарияти нутқларида янгровчи энг асосий баҳона ҳисобланади. Исроил дипломатияга ва халқаро қонун-қоидаларга ҳам парво қилмайди. Айрим маълумотларга кўра, Исроил декабр ойи кирмасидн Эронга яна ҳарбий ҳужум уюштириш мумкин.

Нетаняҳу ўз амалида қолиши, Исроилда унга қарши очилган жиноят ишлари “музлаб туриши”, Халқаро суднинг уни инсониятга қарши ҳарбий жиноятларда айблаб, ҳибсга олиш учун берган ордери кучга кирмаслиги учун доимо уруш қўзғаб туришга уринмоқда.

Эрон – доим тайёр мамлакат

Теҳрон эса ҳеч нимани яширмайди: у жавоб зарбасига тайёр. Ракета қисмлари жойлаштирилган, дронлар тайёр, ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимлари огоҳликнинг юқори босқичига олиб чиқилган. Россиядан Су-35 қирувчи самолётлари харид қилиш бўйича музокаралар давом этмоқда. Эрон матбуоти «махсус чоралар» ҳақида ёзмоқда — агар Исроил яна Эронга тажовуз қилса, бу чоралар ишга солиниши айтилмоқда.

Энг асосийси — Эрон раҳбарияти бу галги зарба чекланган бўлмаслигини яхши тушунади. Навбатдаги эҳтимолий ҳужум “якуний ва ҳал қилувчи” бўлиши, Эронда давлат бошқарувини ўзгартириш, Исроилга мойил ва итоаткор тузум ўрнатиш мақсадлари борлигини яхши англайди. Эроннинг жавоб ҳужуми эса Ҳизбуллоҳ, ҳусийлар, Ироқ ва Суриядаги шиа гуруҳлари орқали амалга оширилиши эҳтимолга яқинроқ.

Эрон Исроил билан можаро қайтадан юзага келиши эҳтимолини инкор этмайди, деб хабар берди ТАСС Эрон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазирлигидаги манбага таяниб.

«Албатта, эҳтимол бор, лекин унинг қай даражада юқори эканини айтиш қийин. Эрон 12 кунлик урушдан сабоқ чиқарди», — деган манба.

Унинг сўзларига кўра, қарши томон ҳам «янги ҳужум бўлса, айни ўша сценарий такрорланишини тушуниши керак, фақат бу сафар Теҳрон учун бу кутилмаган ҳол бўлмайди».

Манба шунингдек, Эрон АҚШ билан музокараларга фақатгина Вашингтон ўз ёндашувини ўзгартирса киришишини таъкидлади. Унга кўра, Теҳрон ўз ядровий дастурини максимал даражада шаффоф қилишга тайёр, фақат бу санкцияларни бекор қилиш эвазига бўлса! «Бундай ҳолатда ҳамма ютади», — деган манба.

Нега ҳужум қайталаниши мумкин?

Исроил биринчи ҳужумда Эронни иккинчи Сурияга айлантириш, ёки Америка кўмаги бўлмасдан ҳаво ҳукмронлигини барқарор таъминлашнинг уддасидан чиқмади. Ҳар қандай назоратга қарамай, Тель-Авив уруш давомида Эрон ҳаво ҳудудини тўлиқ эгаллагани — у жазосиз ҳаракат қилиши мумкин, дегани эмас эди.

Айнан шу ҳол Исроилнинг янги ҳужуми эҳтимолига йўл очади. Мудофаа вазири Исраэл Кац ва бош штаб бошлиғи Эяль Замир ҳам айтишган. Зами́рнинг таъкидлашича, июнь ойидаги уруш фақатгина бошланиш бўлган, ва ҳозир Исроил «можароннинг янги фазасига қадам қўймоқда».

Эрон уранни бойитиш жараёнини қайта бошлайдими-йўқми, бу муҳим эмас — Исроил Теҳронга ракеталар арсеналини ошириш, ҲҲМни тиклаш ёки замонавийроқ тизимларни жойлаштиришга қатъий бел боғлаган.

Бу “каллаклаб туриш” деб аталувчи исроил стратегиясининг моҳиятидир: яъни рақибга куч тўплаш имконини бермаслик учун, уни қайта-қайта ва олдиндан зарбалар бериб кучсиз ҳолда ушлаб туришдан иборат.

Демак, Эрон ўз ҳарбий салоҳиятини тиклашни бошлаган экан, Исроилда бу “имконият”дан тезроқ фойдаланишга бўлган рағбат кучаймоқда. Шу боис зарба яқин ойлардаёқ берилиши эҳтимолдан холи эмас.

Абулфайз Сайидасқаров

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid