platina.uz
Жаҳон

Бангладеш собиқ бош вазири ўлимга ҳукм этилди

У қўзғолончиларга қарата ўқ отиш буйруғини беришда айбланган. 2024 йил 15 июлдан 5 августгача бўлган намойишларда хавфсизлик кучлар томонидан ўқотар қуроллардан фойдаланиш натижасида 1 400 тагача одам ҳалок бўлди. Бу Бангладешда 1971 йилги мустақиллик урушидан бери кузатилган энг даҳшатли зўравонлик бўлган. 

Бангладеш собиқ бош вазири ўлимга ҳукм этилди

Бангладеш собиқ Бош вазири Шейх Ҳасина ўлим жазосига ҳукм қилинди.

Бангладеш суди ўтган йили талабалар бошчилигидаги қўзғолонни бостиришга буйруқ берганликда айбдор деб топилган, ҳокимиятдан ағдарилган Бош вазир Шейх Ҳасинани 17 ноябр куни ўлим жазосига ҳукм қилди. Пойтахт Даккадаги Ички уруш жиноятлари бўйича Бангладешнинг ички суд органи ҳукмни кучайтирилган хавфсизлик шароитида, Ҳасина иштирок этмаган ҳолда эълон қилди.

78 ёшли Ҳасина инсониятга қарши жиноятлар бўйича умрбод қамоқ жазосини, қўзғолон чоғида бир неча кишининг ўлдирилиши бўйича эса ўлим жазосини олди. Ўлим жазоси ўқиб эшиттирилган заҳоти одамлар билан тўлган суд залида қарсак ва шодиёналар янгради. Ҳукм юзасидан Олий судга шикоят қилиш мумкинлиги маълум қилинди.

Бироқ Ҳасинанинг ўғли ва маслаҳатчиси Сажеб Вазед ҳукм арафасида берган интервьюсида, Ҳасина бу қарор ҳеч қандай демократик ваколати бўлмаган, ноқонуний ҳукумат томонидан тузилган ва бошқарилаётган, сохталаштирилган суднинг қарори деб ҳисоблашини айтди.

“Уларнинг ўлим жазосини талаб қилишидан мақсад Бангладешнинг сўнгги сайланган бош вазирини сиёсий майдондан бутунлай олиб ташлаш ва "Авами Лига"ни сиёсий куч сифатида йўқ қилиш — деди у.

Суд жараёнида прокурорлар судга 2024 йил июль–август ойларида талабалар бошчилигидаги қўзғолонларни бостириш учун ўқ ўтувчи қуроллардан фойдаланишга доир Ҳасинанинг бевосита буйруқларини тасдиқловчи далиллар топилганини айтдилар. У 2024 йил августида ҳукуматига қарши кўтарилган қўзғолон авжида Ҳиндистонга қочиб кетганди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳисоботига кўра, 2024 йил 15 июлдан 5 августгача бўлган намойишларда хавфсизлик кучлар томонидан ўқотар қуроллардан фойдаланиш натижасида 1 400 тагача одам ҳалок бўлган, яна минглаб одамлар жароҳатланган. Бу Бангладешда 1971 йилги мустақиллик урушидан бери кузатилган энг даҳшатли зўравонлик бўлган.

Ҳасина давлат томонидан тайинланган адвокат томонидан ҳимоя қилинди. У судга айбловлар асоссиз эканини айтиб, уни оқлашни сўради.

Ҳукм эълон қилинишидан аввал Ҳасина айбловларни ҳам, суд жараёнининг адолатлилигини ҳам рад этиб, уни айбдор деб топиш “олдиндан белгиланган хулоса” эканини таъкидлади.

Аммо муваққат ҳукумат бу айбловларни рад этди. “Суд шаффоф тарзда ишлади, кузатувчиларга рухсат берилди ва мунтазам ҳужжатлар эълон қилинди,” дея таъкидлади ҳукумат вакили.

Ҳукм олдидан Бангладеш таранг вазиятда бўлди — сўнгги кунларда мамлакат бўйлаб камида 30 та қўпол ишлаб чиқарилган бомба портлатилди ва 26 та автомобиль ёқиб юборилди. Бироқ қурбонлар қайд этилмаган.

170 миллион аҳолига эга, аксарияти мусулмон бўлган Жанубий Осиё давлати 2024 йил августида Ҳасина қочиб кетганидан буён Нобел тинчлик мукофоти соҳиби Муҳаммад Юнус бошчилигидаги муваққат ҳукумат томонидан бошқариб келинмоқда. Гарчи мамлакат нисбатан тинч бўлса-да, сиёсий барқарорлик ҳали тўлиқ тикланмаган.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid