Ўзбекистон ва Қозоғистон: дўстлик риштасининг сўнгги 7 йиллик тарихи
2018-2025 йиллар динамикасида икки давлат ўртасидаги турли соҳаларда салмоқли ишлар амалга оширилди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон сўнгги йилларда минтақада икки томонлама савдонинг энг барқарор ва жадал моделларидан бирини яратди. 2018 йилда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 3 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2024 йилда ташқи тебранишларга қарамай, ушбу кўрсаткич 4,3 миллиард долларга етди. Бу Марказий Осиёдаги ўртача кўрсаткичдан юқори бўлиб, йиллик ўсиш тахминан 6-8 фоизни ташкил этади.
Айниқса, 2024 йилда Қозоғистондан импорт деярли 8 фоизга камайган бўлса-да, Ўзбекистон экспорти 2,5 фоизга ошгани савдо таркибининг босқичма-босқич текисланаётганидан далолат беради. 2025 йилнинг январь-сентябрь ойларидаёқ товар айирбошлаш ҳажми 3,5 миллиард долларни ташкил этиб, 15,5 фоизга ошган. Бу эса сўнгги етти йилдаги энг юқори кўрсаткичлардан бири.
Ўзбекистоннинг Қозоғистонга экспорти таркиби ҳам ўзгармоқда: озиқ-овқат ва тўқимачилик маҳсулотларидан ташқари, машинасозлик, транспорт воситалари ва хизматлар улуши ортиб бормоқда. Импортда ғалла, минерал ёқилғи, қора металлар, кимё маҳсулотлари асосий ўринни эгаллаб турибди.
Шундай қилиб, бугунги кунда икки томонлама савдо энди шунчаки товар айирбошлаш эмас, балки бозорларнинг ўзаро интеграцияси, ишлаб чиқариш кооперациясини кенгайтириш ва узоқ муддатли иқтисодий занжирларга айланди.
Инвестициявий ҳамкорлик ва бизнес алоқалар
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги инвестициявий мулоқот жадал суръатлар билан ривожланмоқда. Ўзбекистонда Қозоғистон капитали иштирокида 1157 та корхона, жумладан, 281 та қўшма корхона ва Қозоғистон инвесторлари иштирокида 876 та корхона фаолият юритмоқда. Бу ҳамкорлар орасида энг катта кўрсаткичлардан биридир.
Ўз навбатида, Қозоғистонда бизнинг тадбиркорлар иштирокидаги 4934 та юридик шахс фаолият юритмоқда. Бу кўрсаткич ўзбек бизнесининг Қозоғистон иқтисодий муҳитига чуқур кириб борганидан ва қозоқ бозорининг юқори жозибадорлигидан далолат беради.
Ўзаро инвестицияларнинг ўсиши кенг қамровли ҳуқуқий база билан қўллаб-қувватланмоқда. 288 та икки томонлама ҳужжат, жумладан, инвесторлар ҳимоясини, соддалаштирилган режимларни, шунингдек, вазирлик ва идоралар даражасидаги ҳамкорлик механизмларини таъминловчи 96 та ҳукуматлараро битим шулар жумласидан.
Ҳукуматлараро комиссияга икки мамлакат ҳукуматлари раҳбарлари ҳамраислик қилмоқда. 2025 йил октябр ойида Хивада бўлиб ўтган комиссиянинг сўнгги 22-йиғилиши инвестиция блокининг юқори даражадаги ривожланаётганини тасдиқлади. Жумладан, янги кооперация лойиҳаларини ишга тушириш, логистика инфратузилмасини модернизация қилиш ва саноатни ривожлантириш бўйича келишиб олинди.
Қозоғистоннинг умумий иқтисодий динамикаси ва Ўзбекистондаги кенг кўламдаги ислоҳотлар фонида инвестициявий алоқалар ўрта муддатли истиқболда яна икки баравар кўпайиши кутилмоқда.
Сиёсий мулоқот ва ҳамкорликнинг стратегик архитектураси
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги сиёсий муносабатлар Марказий Осиёдаги энг қизғин дипломатик мулоқот намунасидир. 2017 йилдан буён бешта давлат ташрифи, жумладан, Ўзбекистон Президентининг 2024 йил июл ойида Қозоғистонга ташрифи ва Қозоғистон Президентининг 2025 йил апрел ойида “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммитида иштирок этиш учун Самарқандга ташрифи бўлиб ўтди.
2023-2025 йилларда икки мамлакат етакчилари олтита амалий учрашув ўтказди. Алоқаларнинг бундай суръати мураккаб минтақавий масалаларни ҳал этиш учун зарур бўлган ўзига хос ишонч даражасини шакллантиради.
Муносабатларнинг ҳуқуқий базасини Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома (2013), Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги декларация (2021), Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома (2022) ташкил қилади. Ушбу ҳужжатлар мамлакатларнинг хавфсизлик, иқтисодий ривожланиш ва минтақавий таҳдидларга биргаликда жавоб бериш бўйича мажбуриятларини мустаҳкамлайди.
Сиёсий мулоқот БМТ, Осиё ҳамкорлик ва ишонч чоралари кенгаши, ТуркПА, Парламентлараро Иттифоқ, ЕОИИ, “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи”, “Марказий Осиё – Хитой” каби халқаро платформалардаги позицияларни мувофиқлаштириш билан бирга олиб борилмоқда.
Ҳукуматлараро ҳамкорлик: тизимлилик, институционаллашув, натижалар
1997 йилдан буён Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия фаолият кўрсатмоқда. Тўғри, илгари у мунтазам равишда йиғилмаган. Аммо 2019 йилдан бошлаб икки мамлакат бош вазирлари ҳамраислигида унинг фаолияти тизимли тус олди.
Сўнгги тўрт йил ичида ҳукумат раҳбарлари даражасида 17 та тадбир ўтказилди, жумладан, Ўзбекистон делегацияси ҳар йили ўтказиладиган “Рақамли Олмаота” форумлари ва ЕОИИ йиғилишларида иштирок этди. 2022 йилда бош вазир ўринбосарлари даражасида импорт ўрнини босиш ва саноат кооперацияси бўйича махсус ҳукуматлараро ишчи гуруҳи тузилди.
Ҳудудлараро форумларни ўтказиш алоҳида механизмга айланди. Ҳозиргача тўртта форум ўтказилган бўлиб, охиргиси 2024 йил октябр ойида Самарқандда бўлиб ўтди. Бешинчи форум 2026 йилда Қозоғистонда ўтказилиши режалаштирилган.
Ушбу формат транспорт, қишлоқ хўжалиги, логистика, саноат, таълим соҳаларидаги лойиҳаларни илгари суриш учун ноёб майдонга айланди. Форумларда йигирма ва ундан ортиқ вилоят ҳокимлари, вазирлар, миллий компаниялар вакиллари иштирок этмоқда, бу эса икки томонлама ҳамкорликни тезкор қарорлар қабул қилиш имкониятига ўтказади.
Парламентлараро алоқалар ва қонунчилик дипломатияси
Парламентлараро ҳамкорлик икки томонлама муносабатларнинг мустақил ва фаол ривожланаётган йўналишидир. 2017 йилдан буён икки мамлакат Сенатлари ўртасида меморандум, 2018 йилдан эса парламентларнинг қуйи палаталари ўртасида меморандум амал қилмоқда.
Парламентлараро ҳамкорлик кенгаши ташкил этилиб, мунтазам равишда йиғилишлар ўтказиб келинмоқда. Сўнгги иккита йирик тадбирлар – Мажилис раиси Е.Кошановнинг 2025 йил апрель ойида Тошкентга ташрифи ва Олий Мажлис Сенати раиси Т.Нарбаеванинг 2025 йил август ойида Қозоғистонга расмий ташрифи муваффақиятли ўтказилди.
Транспорт-логистика интеграцияси: авиация, темир йўллар, транспорт йўлаклари
2025 йилда Ўзбекистоннинг “Centrum Air” компаниясининг янги йўналишлари ишга туширилди. Бундан ташқари, Қозоғистоннинг “FlyArystan” авиакомпанияси Тошкентга парвозларни йўлга қўйди.
Темир йўл соҳасида 2025 йилнинг январ-сентябр ойларида Қозоғистон темир йўл юк ташиш ҳажмини 17 фоизга, қувур транспорти ҳажмини эса 13,8 фоизга оширди. Ўзбекистон учун бу рақамлар жуда муҳим. Айнан ушбу инфратузилма Каспий денгизига, у орқали эса Туркия ва Европага чиқишни таъминлайди.
Маданий-гуманитар алоқалар
2025 йилнинг январ-август ойларида 17 та йирик маданий тадбир, жумладан, Алишер Навоий номидаги ДАБТ гастроллари, Остонада Тошкент кунлари, кўргазмалар, ижодий учрашувлар, миллий таомлар ва ҳунармандчилик фестиваллари ўтказилди.
Икки мамлакат ўртасидаги маданий дипломатия узоқ вақтдан бери маҳаллий ҳокимликлар, маданият вазирликлари, диаспора ташкилотлари ва ижодий уюшмалар даражасида қўллаб-қувватланмоқда ва бугун барқарор институтга айланган.
Ижтимоий-иқтисодий омилга айланаётган туризм
Қозоғистонликлар Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар оқимининг энг йирик қисми бўлиб қолмоқда. 2022 йилда мамлакатга 1,5 миллион, 2023 йилда 1,31 миллион, 2024 йилда эса 2,8 миллион қозоғистонлик ташриф буюрган. 2025 йилнинг тўққиз ойида – 2 миллион сайёҳ.
Сайёҳлик алмашинувининг ўсиши виза тартиб-таомилларининг соддалаштирилиши, транспорт қатновларининг кенгайиши, минтақалараро туризмнинг янги формати яратилиши ва маданий тадбирлар таъсирида юз берди.
Бундай ривожланиш бир нечта омилларнинг уйғунлашуви натижасида юз берди:
- Ўзбекистоннинг Самарқанд ва Бухородан тортиб Тошкент ва Хивагача бўлган сайёҳлик марказларида инфратузилма ва хизматлар сифатининг яхшиланиши;
- авиаалоқаларнинг ҳафтасига 43 та рейсга кенгайиши;
- фаол маданий дастурлар кўпайиши ҳамда бошқалар.
Ижтимоий интеграция ва диаспораларнинг роли
Ўзбеклар Қозоғистондаги учинчи йирик этнос бўлиб, мамлакат аҳолисининг 3,2 фоизини ташкил этади. Бу 624 минг киши дегани. Ҳамжамият маданий, маърифий ва ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этиб, икки давлат ўртасида табиий кўприк яратмоқда.
Қозоғистонда ўнлаб ўзбек маданий марказлари, ижодий уюшмалар, этномаданий уйлар фаолият кўрсатади. Мактабларда таълим ўзбек тилида олиб борилмоқда.
Ўзбекистонда этник қозоқлар 803 минг кишини ташкил этади, улар ҳам ривожланган маданий инфратузилмага эга. Қозоқ тили факултетлари, театр жамоалари, таълим дастурлари фаолияти чуқур интеграциялашган мулоқот майдонини шакллантиради.
Қозоғистонда 624 минг ўзбек яшайди, 42 та ўзбек ва 5 та қорақалпоқ маданият марказлари фаолият кўрсатмоқда. Таълим ўзбек тилида олиб бориладиган мактабларда 89 минг ўқувчи билим олмоқда.
Ўзбекистонда эса 803,4 минг этник қозоқлар яшайди, 350 та аралаш қозоқ-ўзбек мактаблари фаолият кўрсатмоқда, бир қатор университетларда қозоқ тили ва адабиёти факультетлари очилган.
Кенг кўламли, ўзига хос шартномавий-ҳуқуқий база
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида 288 та ҳужжат, жумладан, 18 та давлатлараро, 96 та ҳукуматлараро, 76 та идоралараро битимлар, шунингдек, ҳудудлар ўртасидаги шартномалар имзоланган.
Асосий ҳужжатлар:
- 1998 йилги Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома;
- 2013 йилги Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома;
- 2021 йилги Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги декларация;
- Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома ва 2022 йилги чегара демаркацияси тўғрисидаги ҳужжат.
Таълим ва илм-фан
Икки мамлакат университетлари ўртасида 280 дан ортиқ ҳамкорлик шартномалари ва меморандумлари амал қилмоқда, бунда Қозоғистоннинг 60 дан ортиқ олий ўқув юртлари иштирок этмоқда.
Ўзбекистонда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети, Қорақалпоқ давлат университети, Гулистон давлат университети, шунингдек, Нукус, Жиззах ва Навоий педагогика институтларида қозоқ тили ва адабиёти факултетлари ҳамда бўлимлари ташкил этилди.
Қозоғистонда эса ўз навбатида 141 та мактабда 5 814 та синфда 89 038 нафар ўқувчи ўзбек тилида таълим олмоқда. Ўзбек тилида таълим оладиган мактаб ўқувчиларининг сони кўп бўлиши мамлакатлар ўртасидаги гуманитар, илмий ва иқтисодий алоқаларни келажакда ривожлантириш учун жиддий ресурс ҳисобланади.
Ҳудудий миқёсдаги натижалар: форумлар, вилоятлар, чегарабўйи ҳамкорлиги
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик кенг векторли бўлиб, у ҳудудлар даражасида ҳам жадал ривожланмоқда. 2018 йилдан буён икки мамлакат вилоятлари, шаҳарлари ва тадбиркор доиралари ўртасида бевосита мулоқот майдонига айланган Ҳудудлараро ҳамкорлик форуми ўтказиб келинмоқда. Сўнгги, тўртинчи Форум 2024 йил 20-21 октябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтди, бешинчиси эса 2026 йилда Қозоғистонда ўтказилиши режалаштирилган.
Ҳудудлараро алоқалар шартномавий-ҳуқуқий асос билан ҳам мустаҳкамланмоқда: имзоланган 288 та ҳужжатнинг бир қисми ҳудудлар ўртасидаги битимларни ўз ичига олади. Форумлар доирасида қишлоқ хўжалиги, саноат, транспорт, логистика ва туризм соҳаларида қўшма лойиҳалар бўйича аниқ келишувлар имзоланмоқда.