platina.uz
Спорт

Месси “Барселона”га қайтиши мумкинлиги ҳақида гаплар тарқалди

“Барселона” президенти Хуан Лапорта ушбу масалага изоҳ бериб ўтди.

Месси “Барселона”га қайтиши мумкинлиги ҳақида гаплар тарқалди

“Барселона” президенти Хуан Лапорта Лионел Мессининг январда клубга ижарага қайтиш эҳтимоли ҳақидаги саволларга жавоб берди. Бу миш-мишлар аргентиналик юлдузнинг янги стадионга тўсатдан ташрифи ва ижтимоий тармоқларда суратлар улашганидан сўнг пайдо бўлди. Месси сўнгги интервюсида ҳам “Барселона”ни соғинаётганини айтган.

“Мессига, ўйинчиларимизга ва аъзоларимизга ҳурмат сифатида бу каби ноаниқ ҳолатлар ҳақида тахмин қилиш вақти эмас. Мессининг кутилмаган ташрифи ҳақида эшитмадим, “Камп Ноу” — бу унинг уйи. У шунчаки дўстлари билан кечки овқатдан кейин кириб ўтмоқчи бўлган”, деган Лапорта.

“Барселона” стадион реконструкцияси якунлангач, Мессига катта ҳурмат бажо келтиришни режалаштирмоқда. 2021 йилда клуб молиявий муаммолар туфайли у билан шартномани узайтира олмагани сабабли, Месси мухлислар билан муносиб хайрлаша олмаган эди.

Ҳозирда 38 ёшли Месси “Интер Маями” билан 2028 йилгача шартнома имзолаган, бироқ у келажакда оиласи билан “Барселона”га қайтишни исташини айтган. Айрим манбаларга кўра, у январда қисқа муддатли ижарага қайтиб, жаҳон чемпионатига тайёргарлик сифатида ўйин амалиётини сақлаб қолиши мумкин.

У “Камп Ноу”га яширин ташрифидан аввал Спорт нашрига берган интервюсида шундай деган эди:

“Биз “Барселона”ни жуда соғиндик. Болаларим ҳам, турмуш ўртоғим ҳам доимо Барселона ҳақида гапиради, у ерда яна яшаш ғоясини тилга олишади. Уйимиз, ҳамма нарсамиз ўша ерда, демак, бу биз хоҳлаган нарса. Стадион қурилиши тугагач, у ерга қайтишни интиқлик билан кутяпман, чунки Парижга кетганимдан бери “Камп Ноу”га қайтмаганман. Янги стадионни кўриш ҳаяжонли бўлди — ўтмишни эслаб, ўша ҳис-туйғуларни яна бошдан кечириш учун. Ҳар доимгидек меҳр ва эътибор учун миннатдорман”, деган Лео.

Маълумот ўрнида, Лионел Месси 2025 йилги МЛС мавсумида 29 та гол урди ва 19 та голли узатмага муаллиф бўлди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid