platina.uz
Жамият

Марказий банк 18 та банкни жаримага тортди

Уларнинг орасида Агробанк, Асакабанк, Туронбанк, Инфинбанк, Микрокредитбанк, Трастбанк, Ипотека-банк каби нуфузли банклар бор.

Марказий банк 18 та банкни жаримага тортди
Фото: Platina.uz

Марказий банк расмий сайтини давлат тилида юритиш ва бошқа муҳим маълумотлар билан таъминлашда йўл қўйган камчиликлари учун 18 та банкка 102 млн сўмдан жарима солди.

Сентабр-октябр ойларида тижорат банкларининг расмий веб-сайтлари мониторингдан ўтказилган. Мониторингнинг асосий мақсади – молиявий хизматлар истеъмолчилари учун ахборотлар ошкор этилиши бўйича қонунчилик талабларига риоя этилишини ҳамда фойдаланувчиларнинг тўлиқ ва ишончли маълумот олиш ҳуқуқи таъминланишни текширишдан иборат бўлган.

Мониторинг натижасида қатор камчиликлар ва қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.

Жумладан, "Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили ҳақида"ги қонун талабларига риоя этилмасдан айрим банкларнинг веб-сайтларида маълумотлар давлат тилида жойлаштирилмаганлиги аниқланган.

Бундан ташқари, ахборотларни ошкор этиш бўйича қонунчилик талабларига риоя этилмаган ҳолда айрим банкларнинг веб-сайтларида кредит таъминотига қабул қилинган гаров мулкларини кредитнинг асосий қарзи қолдиғига мутаносиб равишда босқичма-босқич гаровдан чиқариш тартиби жойлаштирилмаган.

Хусусан, Агробанк, Анор банк, Ҳаёт банк, Универсал банк, Гарант банк, Асакабанк, Туронбанк, Инфинбанк, Микрокредитбанк, Трастбанк, Мадад Инвест банк, Содерот банк, Ориент Финанс банк, Ипотека-банк, Тенге банк, Зираат банк, АВО банк ва Опен банк каби банкларнинг расмий веб-сайтларида юқорида қайд этилган тартиб жойлаштирилмаган.

Мониторинг якунларига кўра, Марказий банк томонидан қоидабузарликка йўл қўйган банкларнинг ҳар бирига 102 млн сўмдан жарима чораси қўлланилган ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш, расмий веб-сайтлардаги маълумотларни қонунчилик талабларига тўлиқ мослаштириш бўйича кўрсатмалар юборилган.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid