platina.uz
Жаҳон

Жанубий Корея собиқ президенти ўлимга ҳукм этилиши мумкин

Мамлакат бош прокурори собиқ раҳбар Юн Сок Ёлга янги айблов қўйди. У “душманга ёрдам берганлик”да айбланди. 

Жанубий Корея собиқ президенти ўлимга ҳукм этилиши мумкин

Жанубий Кореянинг ҳокимиятдан четлатилган собиқ президенти Юн Сок Ёлга янги айблов қўйилди. У “душманга ёрдам берганлик”да айбланмоқда. Бу ҳақда Yonhap хабар берди.

Агар Юн айбдор деб топилса, ўлим жазосига ҳукм этилиши мумкин.

Жанубий Кореянинг бош прокурори собиқ президент Юн Сок Ёл жорий қилган муддатли ҳарбий ҳолат билан боғлиқ янги айбловлар бўйича уни судга тортди.

Айбловлар орасида “душман давлатга ёрдам кўрсатиш” ҳам бор. Прокуратура йил бошида махсус тергов бошлаган ва Юн Шимолий Корея устидан дронлар учиришни буюриб, Пхенянни қўзғатишга ва шу йўл билан ҳарбий ҳолат эълон қилишга асос яратмоқчи бўлганми, йўқми — шуни аниқлаштиришни режалаштирган.

Махсус тергов прокурори Пак Жи-Ёнгнинг айтишича, тергов гуруҳи Юнни душман фойдасига ҳаракат қилганлик ҳамда мансаб ваколатини суиистеъмол қилганликда айблаган.

Пакнинг сўзларига кўра, Юн ва унинг атрофидаги шахслар фавқулодда ҳарбий ҳолат эълон қилиш имконини берадиган шароитларни яратиш учун тил бириктиришган, бу эса икки Корея ўртасида қуролли тўқнашув хавфини оширган ва мамлакатнинг ҳарбий манфаатларига зарар етказган.

Прокурор, шунингдек, ўтган йил октябрида Юннинг собиқ қарши разведка қўмондонига тегишли ёзувда мамлакатда беқарор вазият яратиш ҳақида ёзишмалар топилганини, бу эса муҳим далил бўлиб хизмат қилганини қўшимча қилди.

Юн апрел ойида Конституциявий суд томонидан лавозимдан четлатилган ва унинг қисқа муддатли ҳарбий қарор жорий этиш бўйича қўзғатилган айбловлар бўйича суд жараёни давом этмоқда.

Собиқ раҳбар эса ҳар доим айбловнинг аксини таъкидлаб келади. У ҳарбий қонун эълон қилиш орқали мухолифат партияларининг қонунбузарликлари ҳақида огоҳлантириш беришни ва “давлатга қарши” элементлардан демократияни ҳимоя қилишни мақсад қилганини билдиради.

Сеул ва Пхенянг ўртасидаги 1950–1953 йиллардаги Корея уруши сулҳ билан тугаган бўлсада, мамлакатлар уруш ҳолатида қолмоқда. Чунки икки ўртада тинчлик шартномаси имзоланмаган.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid