Тошкент вилоятида бюджетдан 141 млрд сўм ажратилади
Биргина Паркент туманидаги жами 114,3 км ички йўлларни яхшилаш харажатлари учун 50 млрд 675 млн сўм берилади.

Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгаши маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбаларидан фойдаланиш бўйича қарорни эълон қилди. Қарор 2025 йил 7 ноябр куни чиқарилган.
Жумладан, Олмалиқ ва Янгийўл шаҳарлараро перинатал марказларини кислород станцияси билан таъминлаш харажатларига 1 млрд сўм, Чирчиқ олимпия ва паралимпия марказига 3,5 млрд сўм, Паркент туманидаги жами 114,3 км ички йўлларни яхшилаш харажатлари учун 50 млрд 675 млн сўм берилади.
Республика суд экспертиза вилоят бўлими маъмурий биносини қуриш ва таъмирлашни ўз вақтида якунлаш учун 5 млрд 62 млн сўм, таэквандо WTF вилоят федерациясига бино қуришга 5 млрд 51 млн сўм, Чирчиқ шаҳридаги ҳарбий полигонга олиб борувчи 4,1 км узунликдаги йўлни таъмирлашга 4 млрд сўм, Бўка туманидаги оғир аҳволдаги маҳаллаларни йўлларини таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларига 6,6 млрд сўм берилади.
“Нурафшон бизнес маркази” ҳудудида жойлашган “Тест синовларини ўтказишга мўлжалланган намунавий типдаги павилон қуриш” объектига олиб борувчи ва “Малака ошириш институти” объектидан “Киберхавфсизлик институти”га олиб борувчи ички йўлларни қуриш харажатлари учун 10 млрд сўм ажратилади.
Аввалроқ Тошкентда тиббиёт ходимлари байрамига 1,2 млрд сўм сарфланиши маълум бўлганди.
Маблағлар пойтахт соғлиқни сақлаш бош бошқармасига ажратилади.