Хоразмда чиқинди олиб кетиш тарифлари ошади
Бу ҳақда тегишли қарор 2025 йил 7 ноябр куни эълон қилинди. Ҳужжат дарҳол кучга кириши белгиланган.

Хоразм вилоятида маиший чиқинди олиб кетиш нархлари оширилади. Бу ҳақда Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгашининг қарори эълон қилинди. Қарор 2025 йил 7 ноябр куни имзоланган.
Унга кўра, бир фуқаро учун чиқинди олиб кетиш нархлари 6700 сўм этиб белгиланди.
Юридик шахсларда бу миқдор 74 060 сўмни ташкил этади. Юридик шахслар учун ўз юк машиналарига қаттиқ маиший чиқиндини сақлаш объектига олиб бориб жойлаштириш бир куб метр учун 21 600 этиб белгиланди. Барча нархлар ҚҚС билан қўшиб ҳисобланган.

Ушбу қарор эълон қилинган кундан эътиборан кучга кириши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, декабр ойидан бошлаб барча ҳудудларда чиқинди тўловини тўламаганларнинг электрга тўлов қилиши чекланади.
Масъулларнинг тушунтириш беришича, чиқиндидан қарзи бор хонадон электр токидан бирданига узиб қўйилмайди. Аввал чиқиндидан қарздорлиги ҳақида огоҳлантириш берилиб, унга смс-хабарнома юборилади. Бу 2100 қисқа рақам орқали амалга оширилади. Беш кун муддат ҳам берилади. Шу беш кун муддат ичида чиқиндидан қарздорлик бартараф этилмаса, шунда сўнг хонадоннинг электр энергия учун тўлов имконияти чекланади.