Шавкат Мирзиёев АҚШ президентини Ўзбекистонга таклиф қилди
Трампнинг минтақавий можароларни тинч йўл билан ҳал этиш борасида қўшаётган шахсий ҳиссаси алоҳида қайд этган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ президенти Доналд Трампни ўзи учун қулай муддатда Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга таклиф этган.
Шавкат Мирзиёев 6 ноябр куни Вашингтон шаҳрига амалий ташрифи доирасида Оқ уйда Америка Қўшма Штатлари Президенти Доналд Трамп билан учрашган.

Ўзбекистон президенти дастлаб Оқ уйнинг Фахрий меҳмонлар китобида қайд ёзиб қолдирган. Сўнг Овал хонада етакчилар музокара ўтказган.

Жумладан:
- Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш;
- сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш;
- жорий йил сентябр ойида Ню-Йорк шаҳрида олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш;
- Глобал ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар, шу жумладан, С5+1 форматида Марказий Осиё ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш масалалари кўриб чиқилган.

"Давлатимиз раҳбари Доналд Трампни ички ва ташқи сиёсатдаги юксак муваффақиятлари билан самимий табриклади. Унинг ўткир халқаро ва минтақавий можароларни тинч йўл билан ҳал этиш борасида қўшаётган шахсий ҳиссаси ва саъй-ҳаракатлари алоҳида қайд этилди", дейилади матбуот хизмати хабарида.