Испания собиқ қироли укасини ўлдириб қўйгани ҳақида ҳақиқатни очиқлади
87 ёшли собиқ монарх ҳозирда Дубайда яшайди. Хуан Карлос 70 йил олдинги қонли хатосини эслади.

Испаниянинг собиқ қироли укасини қандай ўлдирганини айтиб берди.
Ҳозир Дубайда яшаётган 87 ёшли собиқ монарх шу ҳафта ўз хотираларини чоп эттирди ва унда укаси Алфонсо вафоти ҳақида ёзди.
Унинг айтишича, улар тўппонча билан ўйнаб турган пайтда ўқ деворга тегиб қайтиб, Алфонсо пешонасига келиб теккан.
Испаниянинг собиқ қироли Хуан Карлос 70 йил олдин ўз кичик укасини қандай қилиб отиб ўлдириб қўйгани тўғрисида биринчи бор батафсил маълумот берди.
1956 йил 29 март куни содир бўлган фожиадан сўнг ҳеч ким бу ҳақида батафсил гапирмаган эди. Ўша пайтда Алфонсо атиги 14 ёшда эди.
Ўша пайтда 18 ёшда бўлган Хуан Карлос Португалия риверасидаги Эсторил шаҳрида яшаётган отаси, Хуан де Борбонни кўриш учун йўлга чиққан.
Хуан Карлоснинг эслашича, у ва укаси юқори қаватдаги хонада хизматкор томонидан унга берилган 22 калибрли тўппонча билан ўйнаб ўтиришган. Хуан Карлос тўппончанинг магазини чиқариб олингани сабабли хавф йўқ ўйлаган. “Пистонда бир дона ўқ қолганини билмасдик,” деб ёзади собиқ монарх.
“Бир ўқ ҳавога отилиб чиқди ва қайтиб келиб укамнинг пешонасига тўғри тегди. У отамизнинг қучоғида жон берди” - дея ушбу фожиани хотирлади.
Хуан де Борбон кенжа ўғлининг жасадини Испания байроғи билан ёпган ва кейинчалик тўппончани денгизга улоқтирган. Унинг ўлими юзасидан ҳеч қандай суд-тергов текшируви ўтказилмаган.
Алфонсо вафотидан атиги тўрт кун ўтиб, Хуан Карлос Испанияга қайтган. Ўша пайтда генерал Франко уни ўзининг бўлажак вориси сифатида тайёрлаётган эди.
Хуан Карлоснинг журналист ва тарихчи Лорен Дебре билан ҳамкорликда ёзилган асари испан тилида фақат декабр ойида нашр этилади. Бу Франcо вафотининг 50 йиллиги ва монархиянинг тикланиши муносабати билан ўтказиладиган тадбирлар тугаганидан кейин амалга оширилади.
Собиқ қирол 2014 йилда турли можаролар, жумладан, турмуш ўртоғи билан муносабатлари ва молиявий қонунбузарликлар ҳақидаги шубҳалар сабаб тахтдан воз кечган эди.
Унинг вориси, Қирол Филипп VI, 21 ноябр куни бўлиб ўтадиган асосий йиллик маросимга отасини таклиф қилмаган.