Ўзбекистон АҚШ фуқаролари учун визасиз тартибни жорий этди
Бу икки давлат муносабатларини янада мустаҳкамлаш, савдо, иқтисодиёт, маданият, гуманитар ва туризм соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратишга қаратилган.

2026 йил 1 январдан бошлаб Америка Қўшма Штатлари фуқаролари Ўзбекистонга 30 кунгача бўлган муддатга визасиз кириш ҳуқуқига эга бўладилар.
Ушбу тартиб 2025 йил 3 ноябрдаги 203-сонли Президент фармони билан белгиланган бўлиб, у Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш ҳамда савдо, иқтисодиёт, маданият, гуманитар ва туризм соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратишга қаратилган.
"Янги сиёсат икки давлат ўртасидаги ўзаро тушунишни чуқурлаштириш ҳамда бизнес, таълим ва маданий алмашинувларни кенгайтириш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади. Визасиз тартиб АҚШ фуқароларига Ўзбекистон бўйлаб эркин саёҳат қилиш, мамлакатнинг бой тарихий меросини кашф этиш, шунингдек, унинг инвестиция ва туризм имкониятларини ўрганиш имконини беради", дея изоҳланган ҳужжатда.
Визалар тартибининг либераллаштирилиши АҚШдан келаётган сайёҳлар сони ортишига, бизнес алоқалари мустаҳкамланишига ҳамда Ўзбекистоннинг очиқ ва меҳмондўст мамлакат сифатидаги ижобий халқаро имижини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.