platina.uz
Жамият

Кам аҳамиятли қоидабузарликлар учун огоҳлантириш чораси қўлланилади

Қоида бузилгани махсус техника воситалари орқали қайд этилганда маъмурий жазо бир ойдан кечиктирмай қўлланилиши аниқ белгилаб қўйилади. 

Кам аҳамиятли қоидабузарликлар учун огоҳлантириш чораси қўлланилади

Кам аҳамиятли қоидабузарликлар учун огоҳлантириш чораси қўлланилиши белгиланмоқда.

Сенатнинг ўн биринчи ялпи мажлисида “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Жорий йилнинг 8 ойи давомида республикамиздаги умумий йўл-транспорт ҳодисалари 2,4 фоизга, тан жароҳати билан боғлиқ ҳолатлар 1,5 фоизга, ўлим билан боғлиқ ҳолатлар 5,6 фоизга, пиёдалар иштирокида содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари сони эса 1,6 фоизга камайишига эришилди.

Шу билан бирга, маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқароларимизда маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этишга нисбатан иммунитетни шакллантириш, уларни қонунга итоаткор этиб тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишлар кутилган натижани бермаяпти.

Айрим хорижий давлатларда маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этганлик учун жарима жазоларидан ташқари “оғзаки огоҳлантириш” ва “огоҳлантириш” жазоси борлиги, бунда биринчи марта кам аҳамиятли маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган фуқароларни жаримага тортиш ўрнига, содир этган қилмишининг ижтимоий оқибатларини тушунтирган ҳолда огоҳлантириш амалиётда бундай қилмишларни содир этилишининг олдини олишда юқори натижаларга эришилаётганлиги кузатилмоқда.

Бундан ташқари, маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали аниқланадиган ҳуқуқбузарликлар доирасини белгилаш, шунингдек, йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган ҳолларда маъмурий жазо қўлланилиши муддатларини қайта кўриб чиқиш зарурати юзага келмоқда.

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ бўлган кам аҳамиятли ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий огоҳлантириш жазоси қўлланилишини, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этиладиган маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг рўйхатини ҳамда бундай техника воситалари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жазо қўлланилиши муддатлари аниқ белгиланишини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

Биринчидан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси янги 171-модда билан тўлдирилиб, фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этиладиган қоидабузарликларнинг тури аниқ белгиланмоқда.

Иккинчидан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 241-модда тўлдирилиб, маъмурий жазо сифатида маъмурий огоҳлантириш чораси киритилмоқда.

Учинчидан, йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги махсус техника воситалари орқали қайд этилган ҳолларда маъмурий жазо ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай қўлланилиши аниқ белгилаб қўйилмоқда.

Қонуннинг қабул қилиниши автомобиллардан фойдаланишда аҳолига қўшимча қулайликлар яратилишига, маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, шунингдек, аҳолининг давлат органларига нисбатан ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши сенаторлар томонидан алоҳида эътироф этилди.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid