platina.uz
Жамият

ЮНЕСКО ва Ўзбекистон ҳамкорлиги янги босқичга чиқмоқда

ЮНЕСКО бош директори ўринбосари Стефания Жаннини Platina.uz’га берган интервюсида шу ҳақда маълум қилди.

ЮНЕСКО ва Ўзбекистон ҳамкорлиги янги босқичга чиқмоқда

Ўзбекистоннинг касбий таълим соҳасига йўналтирган сиёсати мамлакатда таълимнинг бошқа йўналишларида амалга оширилаётган ташаббуслар билан узвий боғлиқ. Эрта болалик ва болалар парвариши масалалари бўйича марказ лойиҳаси шулар жумласидан бўлиб, у илмий тадқиқотлар ва тажриба алмашиш борасида минтақавий платформага айланади. ЮНЕСКО бош директори ўринбосари Стефания Жаннини Самарқандда ўтаётган 43-сессия доирасида берган интервюсида шу ҳақда маълум қилди.

Шунингдек, ЮНЕСКО вакилининг маълум қилишича, 2 йилдан сўнг Ўзбекистонда Техник ва профессионал таълим кўникмаларини ривожлантириш бўйича Бутунжаҳон конференцияси ўтказилади. Ушбу муҳим халқаро форумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда ЮНЕСКО асосий ҳамкор бўлади.

“Бу тадбир нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё минтақаси учун муҳим аҳамиятга эга бўлади. Бугунги кунда ёшларга ишлаш ва ҳаётда муваффақиятли бўлиш учун зарур кўникмаларни бериш жуда муҳим”, – деди Жаннини хоним.

Унинг таъкидлашича, техник ва касбий таълимга бўлган эътибор замонавий глобал чақириқлар – “яшил иқтисодиёт”га ўтиш ва рақамли технологиялар ривожи билан чамбарчас боғлиқ. Бундай дастурлар ёшларга амалий кўникмаларни эгаллаш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган соҳаларни ўзлаштириш ва тез ўзгараётган дунёга мослашиш имконини беради.

“Инсон ҳаётининг илк минг кундаги тараққиёти унинг бутун келажагини белгилайди. Ўзбекистон бу йўналишда жуда тез суръатлар билан илгарилаётгани ҳайратга солади”, – деди Жаннини хоним.

У шуни ҳам эслатдики, мазкур ташаббус Тошкентда илк марта 2022 йилда бўлиб ўтган Бутунжаҳон конференциясидан кейин амалий йўлга қўйилган эди.

Шунингдек, у таъкидлаб ўтдики, Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатлари узлуксиз таълим тизимини шакллантиришга қаратилган, яъни болалик давридан тортиб олий таълимгача бўлган барча босқичларни қамраб олади. Бу жараёнда мамлакатнинг “Малакалар ва даражаларни тан олишга оид халқаро конвенция”га қўшилиши ҳам катта аҳамият касб этди. Бу, ўз навбатида, талабалар ва ўқитувчилар учун халқаро имкониятларни кенгайтиради ҳамда таълим сифатини янада оширади.

Абулфайз Сайидасқаров
Самарқанддан махсус

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid