Тошкент вилоятида иситиш тизими ёқилади
Шаҳар ва туман ҳокимлари 1 ҳафта ичида қўшимча равишда барча ижтимоий соҳа объектларидаги иситиш қозонларини хатловдан ўтказиши керак.

Тошкент вилоятида марказлашган иссиқлик таъминотининг ишлаш тизимининг барча қисмларини текшириш ҳамда имкониятини аниқлаш учун 2025 йил 3 ноябр соат 9:00 дан бошлаб иссиқлик манбаларидан чиқадиган иссиқлик энергияси айланма ҳаракати ишга туширилади.
Вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бошқармаси, вилоят “Иссиқлик таъминоти” МЧЖ 2025-2026 йилги куз-қиш даврида вилоятдаги марказлашган иссиқлик таъминотидан фойдаланувчи истеъмолчиларни иссиқлик энергияси билан таъминлаш мақсадида кўп квартирали уйлар ва ижтимоий соҳа объектларини синов тариқасида иситилишига тайёргарлик кўриш ҳамда мавсумий мунтазам иситишга ўтказиш ҳақида таклиф киритган.
Мутасаддилар, барча ижтимоий соҳа раҳбарлари, шаҳар ва туман ҳокимликлари 2025—2026 йиллар мавсумида кўп квартирали уйларни ва ижтимоий соҳа объектларининг белгиланган меъёрларга кўра иссиқлигини таъминлаш, етказиб берилаётган иссиқлик энергияси учун кредиторлик-дебиторлик қарзлари ошиб кетмаслиги учун шахсан жавобгар этиб белгиланган.
Шаҳар ва туман ҳокимлари барча ижтимоий соҳа раҳбарлари билан биргаликда бир ҳафта муддатда қўшимча равишда барча ижтимоий соҳа объектларидаги иситиш қозонларини хатловдан ўтказиши керак.
“Ҳудудгаз Тошкент” ГТФ, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Тошкент ҳудудий филиали, “Тошкент вилояти сув таъминоти” АЖ уч кун муддатда вилоят “Иссиқлик таъминоти” МЧЖ томонидан марказлашган иссиқлик энергиясидан фойдаланувчи истеъмолчиларга узлуксиз иссиқлик энергиясини таъминлаб бериш учун 2025-2026 йилги иситиш мавсумида табиий газ, совуқ сув ва электр энергиясини узлуксиз ва етарли миқдорда етказиб бериш чора-тадбирлари режасини ишлаб чиқиб, ижросини таъминлашлари керак.
Эслатиб ўтиш керак, Фарғона вилоятида ҳам иситиш тизими ишга туширилган.