Самарқандда ЮНЕСКО Бош конференциясининг сессияси иш бошлайди
Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев мазкур тарихий тадбирнинг очилиш маросимида иштирок этади. Тадбирда Сербия, Словакия президентлари ва бошқа фахрий меҳмонлар ҳам қатнашади.

Бугун Самарқанд шаҳрида БМТнинг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти — ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси иш бошлайди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мазкур тарихий тадбирнинг очилиш маросимида иштирок этади.
Бу йилги сессия қирқ йил ичида илк бор ЮНЕСКОнинг Париждаги қароргоҳидан ташқарида ўтказилмоқда. Бундай нуфузли халқаро анжуманнинг Ўзбекистонда ташкил этилиши мамлакатнинг ташкилот тамойиллари ва қадриятларига садоқатини, шунингдек, тинчлик, ўзаро англашув ва барқарор ривожланиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини, қолаверса ўзбек дипломатиясининг ютуғини намоён этади.
ЮНЕСКОнинг ушбу 43-сессияси доирасида таълим, фан, маданият, экология, технология ва коммуникация соҳаларидаги долзарб масалаларни муҳокама қилишга бағишланган 150 дан ортиқ турли форматдаги тадбирлар ўтказилади.

Мазкур халқаро анжуманда 200 дан зиёд мамлакат ва халқаро ташкилотлардан делегациялар, шунингдек, Сербия Президенти Александр Вучич, Словакия Президенти Петер Пеллегрини ҳамда бошқа фахрий меҳмонлар иштирок этишади.
Маълумот учун: ЮНЕСКО — 1945 йилда ташкил этилган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ихтисослаштирилган муассасаси бўлиб, таълим, фан, маданият ва коммуникациялар орқали халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва тинчликни мустаҳкамлашга қаратилган.
Ўзбекистон ЮНЕСКОга 1993 йилда аъзо бўлган. 1996 йилда Тошкентда ушбу ташкилот ваколатхонаси очилган.