Бутун дунёга танилган экофаол Самарқандни ўзига кашф қилди
Африкалик Тсепо велосипедларни йиғиш, таъмирлаш ва кенг фойдаланишни тарғиб қилиш бўйича довруқ қозонган.

Лесотода яшовчи 29 ёшли Тсепо Нкхабуни кўпчилик ҳамшаҳарлари танийди. Қотмадан келган бу йигитча, бир қарасангиз, оқ кўйлак ва галстукда қаёққадир шошиб кетаётган бўлади. Бир қарасангиз, устига кир кийимлар илиб олиб, ахлатхонада, темир-тақалар орасида ивирсиб юрган бўлади. Унинг асл машғулоти ва касби ҳақида ҳар хил гаплар юради. Аэропортда ишловчи бир ходимнинг айтишича, ҳар ойда Тсепо хориждан қандайдир юклар қабул қилар эмиш. Ора-сира хорижга ҳам чиқиб келар эмиш...
Ҳақиқат шуки, Тсепо Нкхабу – экофаол ёшлар етакчиси. Табиатни асраш, экологияга зарар келтирувчи омилларга қарши кураш лойиҳалари билан шуғулланади. У Hands of Life Cycling нодавлат-нотижорат ташкилотига раҳбарлик қилади.
Тсепо кашф этган сирли диёр
Лесото – Африкадаги митти давлатча. Жанубий Африка Республикасининг (ЖАР) ичида жойлашган анклав. Ҳар томони ЖАР билан ўралган. Аҳолиси 2,5 миллионга яқин. Аксарият фуқаролари деҳқончилик билан шуғулланади. Моддий имкониятлари ҳам ўзига яраша.
.jpg)
Тсепо Нкхабу жўғрофий ва иқтисодий имкониятлари чекланган ушбу мўъжаз давлатда туғилгани ва яшаётганидан ўкинмайди. Бошқа айрим африкалик ёшлар каби бой ва фаровон Ғарбга кўчиб кетиш ҳақида ҳам ўйламайди. Фақат иш юзасидан ёки саёҳат мақсадида бориб келади холос.
Куз фасли кириб келган кунларда Тсепо ўз фаолияти шарофати билан яна бир ғаройиб мамлакатни ўзи учун кашф қилди. ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси унга нотаниш бўлган, Ўзбекистон деган узоқ бир Осиё мамлакатида ўтказилишини эшитиб, ўша ерга бориш иштиёқи билан ёна бошлади. Шу боис, мазкур тадбир доирасида ўтказиладиган Ёшлар форуми асосан иқлим ўзгаришлари ва унда ёшлар иштироки масаласига бағишланишини эшитиб, Тсепо ҳам ўз ташаббуслари ва лойиҳалари билан қатнашишни истади. Аслида охирги 40 йил давомида муттасил Париж шаҳрида ўтказиб келинаётган бу йирик халқаро тадбир учун нега айнан шу нотаниш мамлакат танланганидан ажабланиб, қизиқиши янада ортди. Бу қандай мамлакат эканки, 194 аъзо-давлат ичидан айни шу юртга бундай ишонч ва имтиёз насиб этган бўлса, деган саволга жавоб топишга уринди. Ниҳоят октябр ойининг 27-санасида бу тадбир учун Самарқанд шаҳрига келиб, тўғри қарор қабул қилганидан мамнун бўлди.
– Мен иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ лойиҳалар устида ишлайман, – дея ўзини таништиради Тсепо. – ЮНЕСКО ёшлар форумига келишимизнинг асосий сабаби – дунёдаги ёшлар иқлим ҳаракатлари билан қандай шуғулланаётганини кўриш, иқлим таҳдидлари билан қандай курашаётгани ва уларнинг ечимлари билан танишиш эди. Шунингдек, форумда ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қиламиз ва Буюк Британия томонидан қандай кўмак олишимиз мумкинлигини ўрганамиз, – дейди Тсепо.
Лесотолик ушбу экофаолнинг айтишича, у “Мандела Вашингтон” стипендияси соҳиби. Маълумот ўрнида, “Ёш африкалик етакчилар учун “Мандела Вашингтон” стипендияси (The Mandela Washington Fellowship for Young African Leaders ) – АҚШ ҳукумати томонидан илгари сурилган “Ёш африкалик етакчилар ташаббуси” (YALI – Young African Leaders Initiative) дастурининг асосий дастури ҳисобланади. 2014 йилда таъсис этилган бу стипендия Африка мамлакатларидан қарийб 7,800 ёш етакчини АҚШга илмий ва етакчиликка тайёрлаш учун таклиф қилган. Стипендия иштирокчилари, ёши 25 дан 35 гача бўлганлар, ўз жамоалари ва мамлакатларида фаол инновацион ишлар ва етакчилик қобилиятлари билан ажралиб туради.
.jpg)
Савобли ишнинг катта-кичиги бўлмайди
– Бизнинг юртимизда манзилга етиб олиш учун велосипедлардан кенг фойдаланилади, – дейди Тсепо ўз фаолиятининг аҳамиятини тушунтирар экан. – Велосипедлар саломатлик учун ҳам фойдали. Шу билан бирга, улар атмосферага карбонат ангидрид гази чиқармайди, бу табиат учун муҳим омил ҳисобланади. Биз илгари сураётган ташаббусларга келсак, жамоамиз экологияга, аниқроғи, чиқиндиларни қайта ишлаш жараёнига ҳисса қўшиш билан шуғулланади. Биз велосипедларни аҳолисининг аксарият қисми бой ва ўзига тўқ яшайдиган Ғарб давлатларидан, масалан, Европа ёки Америкадан олиб келамиз. У ерларда велосипедлар бузилса ёки эскирса, бошқа фойдаланишмайди ва ташлаб юборишади. Эски техникалар чиқинди сифатида кўпинча дарёларга ташланади ёки ахлат майдонларини банд қилиб ётади. Биз бундай эски велосипедларни йиғамиз ва Африкага олиб келиб қайта ишлатамиз. Уларни таъмирлаб, минишга яроқли ҳолга келтирамиз. Баъзиларини мактабларга, ижтимоий ходимларга ва талабаларга бепул ҳадя қиламиз. Чунки велосипедларни тайёрлашда ишлатилган пластмасса қисмлар, бўёқлар ва бошқа кимёвий моддалар ерга тушса, йиллаб чиримайди ва тупроқни заҳарлайди. Биз эса бу велосипедларга янги ҳаёт бағишлаб, яна одамлар хизматига қайтарамиз. Улар янги велосипед сотиб олишга молиявий имконияти йўқ камбағал ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига жуда асқотади. Велосипедларни яна “ҳаётга қайтариш” учун табиатдан анча кам ресурс сарфланади. Агар шаҳарларимиздаги транспорт муаммосига қарасак, автомобиллар йўлларда кўп жой эгаллайди, тирбандликлар пайдо қилади, табиатни заҳарлайди. Аммо велосипедлар соғлом ва хавфсиз жамиятни қўллаб-қувватлайди, – дейди Тсепо.
.jpg)
Эҳтимол, хориждан эски ва яроқсиз велосипедларни олиб келиб, бироз таъмирлаб одамларга тортиқ қилиш глобал экологик ҳаракатга қандай улуш қўшади, деган савол туғилиши ҳам мумкин. Бундай “арзимас” ва нооригинал ташаббус билан ЮНЕСКОдек ташкилотни “безовта” қилиш, ундан қандайдир моддий ва маънавий кўмак сўраш ҳам номақбулдек туюлиши мумкин. Бу саволларга Тсепонинг ўзи бир ажойиб мисол билан жавоб беради.
– Тўғри, дунёдаги экологик муаммолар жуда улкан ва даҳшатли. Мен бошлаган ташаббус билан бу муаммога арзимас улуш қўшаётганим ҳам тўғри. Аммо, энг муҳими, мен бефарқ қолмаяпман. Қўлимдан келганини қиляпман, ўз билим ва тажрибам, имкониятларим доирасида бу улкан жараёнга кичик бўлса-да, ҳисса қўшаётганимдан мамнунман. Агар ҳар бир инсон ҳеч бўлмаса ўз атрофидаги кичик муаммоларни ҳал қилса, бошқалар ҳам шундай йўл тутса, сайёрамиз табиати анча тозаланади, – дея ўз фаолиятига изоҳ беради у.

“Ўзгаришларни ўзимиздан бошлашимиз керак”
Тсепо шаҳар режалаштириш соҳасида ҳам фаолият юритади. Бу фаолияти экологик талабларга мувофиқ шаҳарсозликни тиклаш, хавфсиз шаҳар экотизимини яратиш, сифатли инфратузилма, чиқиндиларни бошқариш, алоқа ва инфратузилма масалалари билан чамбарчас боғлиқ. Аммо тиниб-тинчимас Тсепо бу билан чекланмайди. У ўзига ўхшаган, табиатга ва одамларнинг муаммоларига бефарқ бўлмаган ёшларни атрофида тўплаб, уларга далда ва маслаҳатлар беради. Экологик ташаббусларни молиялаштириш учун грант олиш мақсадида донор ташкилот ва давлатлар номига аризалар ёзиш ва ҳужжатлар йиғиш борасида ҳам ўз билим ва тажрибаси билан ўртоқлашади. Грантлар учун дастурларни тайёрлаш ва расмийлаштиришда ёшларга бош-қош бўлади. Грант олган фаоллар ёки нодавлат-нотижорат ташкилотлар учун маблағларни бошқариш, сарфлаш ва ҳисоботлар тайёрлаш борасида беғараз ёрдамини аямайди.

– Чунки бу борада тажрибам катта, – дейди Тсепо. – Бу каби ташкилотларни қўллаб-қувватлаш учун кўп молиявий кўмак олганман. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастуридан грантлар олганман, мамлакатимиздаги АҚШ элчихонаси грантлари, шунингдек, бошқа ташкилотлардан маблағлар олиб, ўз жойига сарфлаш тажрибасига эгаман. Самарқандда ўтган форумда қатнашиб, янада улкан тажриба ва билимга эга бўлдим. Ҳаммаслакларим билан фикр алмашдим, муҳокамаларда қатнашдим, – дейди Тсепо мамнуният билан.
Назаримизда, африкалик бу йигитчанинг фаолият тарихи сайёрамиз ёшлари учун ибрат ва намуна бўлишга арзийди. Тсепонинг фаолиятидан олинадиган хулоса шуки, бу дунёни номукаммал деб ёзғириш ва норози бўлишдан фойда йўқ. Дунёни ўзгартириш учун интилиш, бу ўзгаришни эса аввало ўзимиздан бошлашимиз лозим. Ана шунда бу гўзал олам инсоният учун янада қулай маъвога айланади. Ана шунда биздан кейин келадиган авлод ҳам табиат ва инсон ҳаёти уйғунлашган гўзал жамиятни мерос қилиб олади...
Абулфайз Сайидасқаров
Самарқанддан махсус