platina.uz
Жамият

Қашқадарё бош газчиси ва электриги огоҳлантирилди

Улар аҳолини энергия ресурслари билан таъминлаш ва ажратилган маблағлардан самарали фойдаланиш бўйича етарлича ишлар олиб бормаган.

Қашқадарё бош газчиси ва электриги огоҳлантирилди
Иллюстратив сурат

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Қашқадарё ҳудудий филиали директори А.Музапов ва “Ҳудудгаз таъминот” АЖ “Ҳудудгаз Қашқадарё” газ таъминоти филиали директори У.Эрназаров аҳолини бир маромда энергия ресурслари билан таъминлаш ҳамда ажратилган маблағлардан самарали фойдаланиш борасида етарлича ишлар олиб бормагани учун огоҳлантирилган.

Халқ депутатлари вилояти кенгашининг бугунги мажлисида иккала мансабдор ҳисоб берган. Ҳисоботга кўра, вилоятда 805 минг 175 та (60 491 та юридик ва 744 684 та аҳоли) электр энергияси истеъмолчиларига 202 та (35-500 кВ) подстанция, 32 минг км (шундан юқори кучланишли тармоқ 5,2 минг км, паст кучланишли тармоқ 26,8 минг км) тармоқ ва 12 минг 77 дона трансформатор орқали электр энергияси етказиб берилмоқда.

Электр тармоқларининг 39 фоиз (11,6 минг км) ҳамда трансформаторларнинг 40 фоизи (4 515 та) маънан эскирган.

Вилоятнинг айрим маҳаллаларидаги хонадонларда электр тармоқларини яхшилаш, трансформаторлар сотиб олиш ва пунктларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш билан боғлиқ харажатлар учун 10 млрд сўм маблағ Ҳудудий электр тармоқлари вилоят филиалига ажратиб берилган.

Ушбу маблағлар эвазига жами 49 дона, шундан 1 дона қуввати 25,0 МВА бўлган куч трансформатори, 15 дона қуввати 160 кВА бўлган трансформатор пункти ва 33 дона ҳар хил қувватдаги (9 дона қуввати 160 кВА, 8 дона қуввати 250 кВА, 8 дона қуввати 400 кВА, 6 дона қуввати 630 кВА, 2 дона қуввати 1000 кВА) трансформаторлар харид қилинган. 2023-2025 йилларда ушбу ажратилган трансформаторлардан 43 донаси 36 та маҳалладаги 15 мингдан ортиқ хонадонлар ва кўп қаватли уйларнинг электр таъминотини яхшилаш, мурожаатларни камайтириш, аварияли ўчишларнинг олдини олиш мақсадида ўрнатилган.

Жумладан, Косонда 5 та, Яккабоғда 1 та, Қамашида 1 та,Чироқчида 3 та, Деҳқонободда 2 та, Ғузорда 2 та, Кўкдалада 4 та, Китобда 3 та, Шаҳрисабзда 5 та, Миришкорда 1 та, Нишонда 1 та ҳамда Шаҳрисабзда 2 та ва Қарши шаҳридаги 5 та маҳалла.

Ҳозирги кунда 6 дона трансформаторлар Ҳудудий электр тармоқлари вилоят филиалининг марказий омборида захира сифатида сақланмоқда. Ушбу трансформаторлар 2025/2026 йиллар куз-қиш мавсумида электр таъминотида муаммолар юзага келган ёки юкламада ишлаётган трансформаторлар алмаштирилиши кўзда тутилган.

Вилоятда жами 793,8 мингта истеъмолчининг 25,6 фоизи (203,5 минг та) табиий ва 74,4 фоизи (590,3 минг та) суюлтирилган газ билан таъминланган. Суюлтирилган газга мослаштирилган 590,3 минг нафар истеъмолчи 796,3 минг дона маиший газ баллони билан таъминланган (135 %).

1000 дона маиший газ баллони сотиб олиш учун 483 млн сўм маблағлар вилоят ҳокимлигига ажратилиб, Маҳалла хайрия жамоат фондига ўтказиб берилган. Ушбу маблағлар эвазига 1000 дона маиший газ баллони харид қилинган ва фойдаланиш учун Ҳудудий газ таъминоти филиалига беғараз ўтказиб берилган.

Бугунги кунда Ҳудудий газ таъминоти филиалининг марказий омборхонасида 2,4 минг дона маиший газ баллони захираси мавжуд, улардан 1000 донаси ушбу маблағлар ҳисобига харид қилинган.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid