Мопед ва скутерлар эгалари учун “права” олиш енгиллаштирилади
Талабгор истагига кўра ўқув курсларида онлайн ёки офлайн шаклда ўқиш ёхуд мустақил тайёрланиш ҳуқуқи берилади.

Вазирлар Маҳкамасининг “Транспорт воситаларини бошқаришга рухсат бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Янги қарорга кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб мопед ва скутерларни бошқариш учун янги “A1” кичик тоифали ҳайдовчилик гувоҳномаси жорий этилади. Энди талабгорларга мажбурий ўқув курсисиз (ҳам назарий 180 соат, ҳам амалий машғулотларсиз 20 соат) тўғридан-тўғри имтиҳон топшириш ҳуқуқи берилади. Талабгор истагига кўра ўқув курсларида онлайн ёки офлайн шаклда ўқиш ёхуд мустақил тайёрланиш ҳуқуқи берилади.
Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун ўқишни тугатганлик ҳақида алоҳида гувоҳнома талаб этилмайди. “A”, “B”, “C” ва “D” тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси эгалари “А1” кичик тоифадаги транспорт воситаларини тўғридан-тўғри бошқаришга ҳақли бўлади.
“А1” кичик тоифа ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий имтиҳонда 20 та тестдан 16 тасига тўғри жавоб топиш кифоя. Амалда бу 18 та эди. Имтиҳонларни муваффақиятли топширганларга “А1” кичик тоифасидаги гувоҳнома берилади.
2026 йил 1 февралдан “A” ва “B” тоифалар учун талабгорларга ҳайдовчиларни тайёрлаш бўйича мажбурий ўқув дастурининг назарий қисмини мустақил ўзлаштириш ҳуқуқи берилади.
Талабгорлар назарий билимларни онлайн/офлайн курслар орқали ёки ўз мустақил тайёргарлиги асосида ўзлаштириши мумкин. Амалий машғулотларни ҳайдовчиларни тайёрлаш ёки қайта тайёрлаш бўйича ўқув ташкилотларида тўлиқ ўташ шарт.
Амалий машғулотларни тўлиқ тамомлаб, ижобий баҳоланган талабгорларга назарий ва амалий имтиҳонни тўғридан-тўғри топшириш ҳуқуқи берилади. Бунда улардан ўқув курсини тугатганлик ҳақида алоҳида гувоҳнома талаб этилмайди.
Энди талабгорлар 3-4 ой давомида ўқув марказларида ўқимайди. Бу орқали қимматли ресурси ҳисобланган вақт тежалади. Улар қанча тез ўзлаштирса, гувоҳнома учун имтиҳонни топшириш имконига эга бўлади.
Ўқув марказларининг талабгорлар учун берадиган хулосаси бунга етарли бўлади. Ўз навбатида, бозорда бу бўйича талаблар ҳам ошиб, 1 ҳафталик, 1 ойлик курслар таклифи пайдо бўлади.
Яна бир янгилик талабгорларнинг ўқиш вақтига оид. Яъни, эндиликда “A” ва “B” тоифали ҳайдовчиларни тайёрлашда гуруҳларни ЙҲХХда рўйхатдан ўтказиш талаби бекор қилинади.
Амалдаги тартибга кўра, ўқув марказлари гуруҳ тўлгандан сўнг, уни рўйхатдан ўтказиши лозим. Эндиликда талабгор ўзига қулай вақтда ўқиш имкони мумкин бўлади. Натижада унинг ортиқча вақти кетмайди, ўзи истаган вақтдан ўқишни бошлайди.