platina.uz
Жамият

ДХХ катта миқдордаги хориж валюталарини тўхтатиб қолди

Бекободда яшовчи шахс 18,7 млн Россия рубли, 140 700 тожик сомони ва 180 000 000 ўзбек сўмини қўшни давлатга ноқонуний олиб чиқишни мақсад қилган. 

ДХХ катта миқдордаги хориж валюталарини тўхтатиб қолди

Тошкент вилоятида катта миқдордаги валюта қимматликларини Тожикистонга ноқонуний олиб чиқилишига чек қўйилди.

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Божхона идоралари ходимлари ҳамкорлигида, Бекобод шаҳрида жойлашган «Фарҳод» чегара божхона пости орқали валюта қимматликларини Тожикистон Республикасига ноқонуний олиб чиқиб кетилишининг олдини олиш мақсадида тезкор тадбир ўтказилди.

Жумладан, Бекобод шаҳрида яшовчи, 1991 й.т. шахс 18 680 300 Россия рубли, 140 700 тожик сомони ва 180 000 000 ўзбек сўмини қўшни давлатга ноқонуний олиб чиқиш мақсадида, уларни қисмларга ажратган ҳолда, ташмачи вазифасини бажарувчи 34 нафар фуқарога бўлиб беради.

Ўз навбатида, мазкур фуқаролар моддий манфаатдорлик эвазига ушбу пул маблағларини Тожикистонга ўтказиб бериш учун «Фарҳод» чегара божхона постига кириб келган вақтларида тўхтатиб қолиниб, ҳолат тегишли тартибда расмийлаштирилди.

Шунингдек, тезкор тадбир вақтида чегара божхона пости яқинида бўлган бекободлик шахснинг «Трекер» русумли автотранспорт воситаси кўздан кечирилганда, унда ҳам Тожикистон Республикасига олиб ўтишга мўлжаллаб, ўрамларга ажратиб қўйилган, жами 13 538 305 Россия рубли, 24 107 тожик сомони, 885 евро, 300 АҚШ доллари, 300 хитой юани, 6840 қирғиз соми ҳамда 10 207 000 ўзбек сўми борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинди.

Тезкор тадбир давомида олинган пул маблағларининг миллий валютадаги умумий қиймати 5 млрд 200 млн сўмдан ортиқни ташкил этади.

Ҳозирда бекободлик фуқарога нисбатан Жиноят Кодексининг 182-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.

Тергов ҳаракатлари давомида валюта қимматликларининг ҳақиқий эгаларини аниқлаш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid