Ўзбекистон Европа Иттифоқи билан ЖСТга аъзо бўлиш бўйича музокараларни якунлади
Мамлакат "land-locked", яъни денгиз портларига чиқиш имконияти чекланган мамлакатдан босқичма-босқич "land-linked" давлатга, яъни Европа ва Осиё бозорларини боғловчи кўприкка айланиши кутиляпти.

Ўзбекистон Европа Иттифоқи билан Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича музокараларни якунлади.
Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати изчиллик ва тизимлиликка асосланган. Унинг мазмун-моҳияти – Марказий Осиёда яхши қўшничилик ва ишонч муҳитини мустаҳкамлашдан тортиб, Россия, Хитой, АҚШ, Европа Иттифоқи каби жаҳон марказлари ҳамда бошқа иттифоқдош ва ҳамкорлар билан стратегик шерикликни ривожлантиришдир,дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Асосий тамойил ўзгармас: Президент Шавкат Мирзиёев халқаро муносабатларни халқимизнинг миллий манфаатлари ва устувор йўналишларидан келиб чиққан ҳолда шакллантирмоқда. Ташқи сиёсатдаги ҳар бир қадам фуқаролар фаровонлигини ошириш, инвестицияларни жалб қилиш, илғор технологияларни жорий этиш ва юртимиз имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Давлат раҳбарининг Брюсселга ташрифи бу сиёсатнинг навбатдаги амалий ифодаси бўлди. Европа Иттифоқи комиссари Марта Кос Президентимизга мурожаат қилар экан, "Ўзбекистон янгиланишлар суръатини белгилаяпти" ва "Сиз – азму шижоатли инсонсиз", деди. Бу сўзлар шунчаки дипломатик илтифот эмас, балки ислоҳотлар натижасига берилаётган ҳақиқий баҳо, Ўзбекистоннинг жаҳон сиёсатидаги янги рольининг эътирофидир. Ташриф форматининг ўзиёқ, бир вақтнинг ўзида Европа кенгаши Президенти Антониу Кошта ва Европа комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляен билан музокаралар ўтказилгани мулоқотнинг стратегик даражасини ва Президентимизга бўлган юксак ишончни яққол намоён этди.
Ташрифнинг асосий натижаси Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг имзоланиши бўлди. Ушбу ҳужжат икки томонлама муносабатларнинг ҳуқуқий асосини янгилаб, сиёсат, савдо, инвестициялар, таълим, инновациялар, иқлим масалалари ҳамда инсон ҳуқуқлари борасидаги ҳамкорлик учун янги имкониятлар яратди. 10 миллиард евродан ортиқ қийматдаги келишувларга эришилди, қўшма лойиҳаларнинг умумий портфельи эса 40 миллиард евродан ошди. Бу мамлакатимиз учун янги инвестициялар, замонавий технологиялар, минглаб иш ўринлари ва инсон капиталининг ривожланиши демакдир.
Ўзбекистон ўз географик жойлашувини мураккаб масаладан устунликка айлантирмоқда. Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистон "land-locked", яъни денгиз портларига чиқиш имконияти чекланган мамлакатдан босқичма-босқич "land-linked" давлатга, яъни Европа ва Осиё бозорларини боғловчи кўприкка айланмоқда. Транспорт йўлаклари, саноат ва логистика занжирлари, рақамли интеграцияни ривожлантириш орқали Евроосиё маконидаги асосий чорраҳалардан бири сифатида саҳнага чиқмоқда. Қолаверса, Европа Иттифоқи билан Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича музокаралар ҳам якунланди. Бу Ўзбекистоннинг барқарор ва ишончли халқаро иқтисодий шерик сифатидаги нуфузини янада мустаҳкамлайди, дея таъкидланади хабарда. З