platina.uz
Иқтисод

Марказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди

2025 йил сентябр ойида умумий инфляция даражаси 0,8 фоиз бандга пасайиб, йиллик 8 фоизга тенг бўлган. 

Марказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди

МБ асосий ставкаси ўзгармади.

Марказий банк бошқаруви асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди.

2025 йил сентябр ойида умумий инфляция даражаси 0,8 фоиз бандга пасайиб, йиллик 8 фоизга тенг бўлди.

Бунда озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари гуруҳи инфляцияси йиллик 6,1 фоизгача секинлашиб, пасайтирувчи ҳисса қўшди. Хизматлар инфляцияси, жумладан, тартибга солинадиган нархлар таъсирисиз ҳам, талаб омиллари ҳисобига умумий инфляциядан юқори даражада сақланиб қолмоқда, дейилади Марказий банк хабарида.

Қатъий пул-кредит шароитлари ҳисобига талаб омилларининг бироз мақбуллашиши ҳамда алмашув курси мустаҳкамланиши таъсирида базавий инфляция пасаювчи динамикага ўтди ва сентябрда йиллик 7 фоизгача секинлашди.

Жумладан, сўмнинг мустаҳкамланиши импорт инфляциясининг секинлашишига хизмат қилиб, ноозиқ-овқат товарлари нархларининг маълум даражада барқарорлашувига ёрдам бермоқда.

Сўнгги ойларда истеъмол саватида нархлари ўсиши ўтган йилнинг мос даврига нисбатан секинлашган товар ва хизматларнинг улуши ошиб бормоқда ҳамда нархлар барқарорлашуви кенг қамровли хусусиятга эга бўла бошлаганини кўрсатмоқда.

Сентябр ойида аҳоли ва тадбиркорларнинг инфлятсион кутилмалари пасайишда давом этди, бироқ улар жорий ва прогноз инфляция суръатларидан юқори даражада сақланиб қолмоқда.

Юқоридагиларни инобатга олиб, жорий йил якунига инфляция прогнози пасайиш томонга қайта кўриб чиқилди ва 8 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда.

Жорий йилнинг III чорагидаги юқори иқтисодий ўсиш ва инвестицион фаоллик келгуси чоракда ҳам давом этиб, йил якунида ЯИМ реал ўсиши 7-7,5 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.

Аҳоли реал даромадлари ошиши ва чакана кредитлаш фаоллиги харид қобилиятини қўллаб-қувватламоқда ва истеъмол талабини оширмоқда. Бу, ўз навбатида, келгусида иқтисодиётда инфляцион босимларни сақланиб қолишига хизмат қилиши мумкин.

Сентябр ойида ҳам асосий ставка йиллик 14 фоиз миқдорида ўзгаришсиз қолдирилганди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid