Европа Иттифоқи 2026 йилдан рус гази транзитини тақиқлайди
Бундан ташқари Европа комиссияси таклифи асосида Россиядан газ импортини босқичма-босқич тўхтатиш маъқулланган.

Европа Иттифоқи Кенгаши 2026 йил 1 январдан бошлаб Россия газининг иттифоқ орқали бошқа давлатларга транзитини тақиқлашни маъқуллади, дейилади Кенгаш сайтида эълон қилинган баёнотда.
Аввалроқ Европа Иттифоқи Кенгаши 2026 йил 1 январдан бошлаб Европа комиссияси таклифи асосида Россиядан газ импортини босқичма-босқич тўхтатишни маъқуллаган. Шу билан бирга, амалдаги шартномалар учун 2028 йил 1 январгача ўтиш даври сақланиб қолади.
“Шунингдек, Россия газининг транзит тартиб-қоидалари бўйича Европа Иттифоқига киришига йўл қўймаслик учун қўшимча мониторинг ва хабар бериш механизмлари жорий этилди (яъни, газ Европа Иттифоқи бозорига кирмасдан бошқа манзилга йўлда Европа Иттифоқи ҳудудидан ўтади),” дейилади ҳужжатда.
Айни пайтда музокаралар олиб борилаётган Европанинг Россияга қарши санкцияларининг янги 19-пакети, шунингдек, Россия энергетика секторига қарши чораларни, хусусан, 2027 йил бошидан Россиядан Европа Иттифоқига суюлтирилган газ импортини тақиқлашни ҳам ўз ичига олиши кутилмоқда.
Италиянинг собиқ бош вазири ва ЭCБ собиқ президенти Марио Драги 2024 йил охирида Европа Иттифоқи президенти учун тайёрланган ҳисоботида, Европа Иттифоқи энергетика бозори, Европа Комиссиясининг энергетика инқирозини енгиш ва Россия энергия манбаларини муваффақиятли алмаштириш ҳақидаги оптимистик баёнотларига қарамай, фундаментал муаммоларга дуч келаётганини, жумладан табиий ресурслар танқислиги ва табиий газ нархининг АҚШдагидан беш баравар юқори эканлигини таъкидлади.
Россия Ғарб энергия сотиб олишдан бош тортиб, жиддий хатога йўл қўйганини, бу эса нархларнинг ошиши туфайли янги, кучлироқ қарамликка олиб келишини бир неча бор таъкидлаган.
Москва Россиядан энергия сотиб олишдан бош тортганлар ҳамон воситачилар орқали қимматроқ нархларда харид қилишини қайд этди.
Шунингдек, Европа Иттифоқи Кенгаши 2028 йил 1 январьдан бошлаб Россия нефтининг импортини тақиқламоқчи ва аъзо давлатлардан миллий диверсификация режасини тақдим этишни талаб қилмоқда, дейилади ЕИ Кенгаши веб-сайтида эълон қилинган баёнотда.