Озарбайжон билан ҳарбий ҳамкорлик кучайтирилади
“Каттақўрғон” полигонида Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Озарбайжон ва Қирғизистон бўлинмалари иштирокида машғулотлар бўлиб ўтади.

Ўзбекистон ва Озарбайжон мудофаа вазирлари ҳарбий ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма тайёргарлик тизимини такомиллаштириш, тажриба ва амалий билим алмашувини йўлга қўйиш, мамлакатлараро ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш, халқаро терроризмга қарши курашишда ўзаро ҳамжиҳатликни кучайтириш масалаларини муҳокама қилишди.
Бугун, 20-октябр куни Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-лейтенант Шуҳрат Холмухамедов Озарбайжон мудофаа вазири генерал-полковник Зокир Гасанов билан Самарқанд шаҳрида учрашган.
Учрашувнинг асосий мақсади тинчлик, бирлик ва барқарор тараққиётни таъминлашга хизмат қиладиган амалий ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат бўлгани айтилган.
Шунингдек, 21 октябр куни Марказий ҳарбий округ “Каттақўрғон” полигонида Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Озарбайжон ва Қирғизистон мудофаа вазирликлари бўлинмалари иштирокида “Бирлик–2025” минтақавий ўқув машғулотлари ўтказилади.