platina.uz
Жаҳон

Бангладешда ҳалокатли ёнғинлар: зарар 1 миллиард доллар бўлиши мумкин

Ёниш сабабини аниқлаш учун тергов давом этмоқда — ёнғинни ўчириш учун 27 соат вақт кетган.

Бангладешда ҳалокатли ёнғинлар: зарар 1 миллиард доллар бўлиши мумкин

Ёнғин натижасида кийим-кечак, хомашё ва бошқа товарлар бутунлай ёниб кетган. Бу эса айрим корхоналарнинг фаолиятига жиддий зарар етказиши мумкин. Ҳодиса туфайли парвозлар ва аэропорт фаолияти вақтинча тўхтатилган.

Бангладеш Хитойдан кейин дунёда кийим-кечак экспорти бўйича иккинчи ўринда туради. Мамлакат H&M, Walmart каби глобал брендларга маҳсулот етказиб беради. Кийим-кечак соҳаси йилига тахминан 40 миллиард доллар даромад келтиради ва мамлакат ЯИМнинг 10 фоиздан ортиғини ташкил этади.

Маҳаллий оммавий ахборот воситаларига кўра, ёнғинни ўчириш жараёнида камида 35 киши жароҳат олган. Ёнғин чиққан марказда матолар, фармацевтика маҳсулотлари, кимёвий моддалар ва бошқа товарлар сақланаётган эди.

Бангладеш кийим-кечак ишлаб чиқарувчилар ва экспортчилар ассоциацияси вице-президенти Инамул Ҳақ Хоннинг айтишича, ёниб кетган товарлар орасида янги харидорларни жалб этиш учун муҳим лойиҳалар ҳам бор бўлган. “Бу ҳолат айрим корхоналарнинг келажакдаги имкониятларини йўқотишига олиб келиши мумкин,” деди у.

Бангладеш халқаро ҳаво экспресс ассоциацияси дастлабки баҳолашларга кўра, зарар миқдорини 1 миллиард доллардан ортиқ деб қайд этган. Кийим-кечак ассоциацияси эса аъзоларидан йўқотилган товарлар рўйхатини тақдим этишни сўраган, бу орқали зарарнинг аниқ миқдори аниқланиши кутилмоқда.

Шанба куни содир бўлган бу ёнғин бир ҳафта ичида Бангладешда юз берган учинчи йирик ёнғин бўлди.

Ўтган сешанба куни мамлакатда юз берган омборхона ёнғинида камида 16 киши ҳалок бўлган, яна кўплаб одамлар жароҳатланган эди. Пайшанба куни эса Чаттоғ шаҳридаги етти қаватли кийим-кечак фабрикасида ёнғин чиққан.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, аҳолиси зич жойлашган Бангладешда йирик ёнғинлар тез-тез содир бўлади. Сўнгги йилларда мамлакатда юзлаб одамлар ёнғинлар оқибатида ҳаётдан кўз юмган.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid